Тожикистонлик театр актёрлари Термизда
Яқинда Абулқосим Лоҳутий номидаги Тожикистон давлат академик драма театрининг бир гуруҳ актёрлари Термиз шаҳрида гастроль сафарида бўлди.
Улар ўзбек томошабинларига таниқли ёзувчи Холиқ Хурсандовнинг қаламига мансуб “Ўлгандан сўнг келмасанг ҳам майлига” деб номланган комедиясини тақдим этишди.
Спектакл дастуридан сўнг Тожикистон халқ артисти Ортиқи Қодир Лоҳутий номидаги театр актёрларини томошабинларга бирма-бир таништирди.
Унинг таъкидлашича, ўзбек ва тожик халқлари азалий биродар, дўст бўлиб келган. Маданияти, дини ва анъаналари ҳам муштаракдир.
-Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқалар йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда, -деди Ортиқи Қодир. – Бу нафақат сиёсий-иқтисодий, балки маданий-маърифий соҳаларда ҳам акс этиб турибди. Икки давлат раҳбарларининг одилона сиёсати туфайли мана шундай маданий алмашувлар, гастроль сафарлари ва санъат соҳасида тажриба алмашиш амалиётлари йўлга қўйилган.
Шунингдек, учрашувда Сурхондарё вилояти Тожик миллий-маданий маркази раиси Рамазон Абдуллаев, Термиз давлат университети профессори Юсуф Вализода сўзга чиқиб, меҳмонларни самимий қутладилар.
Уларнинг фикрича, ўзбек ва тожик халқларининг бир-бирига бўлган садоқат ва вафодорлик туйғулари қадимдан шаклланган. Маданият ва санъат вакилларининг мана шундай ижодий сафарлари икки халқ бирлигини янада мустаҳкамлашда самарали ўрин тутади.
Тожикистонлик театр актёрларининг гастроль сафари Самарқандда давом этиши кутилмоқда.
Мирасрор Аҳроров,
Ўзбекистон ва Тожикистон журналистлар уюшмаси аъзоси.
ЎзА