English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тожикистон элчиси: Ўзбекистон олиб бораётган оқилона сиёсат минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг узоқ ва яқин қўшни давлатлар билан ўзаро алоқалари кенгайиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон — Тожикистон муносабатларида ҳам ҳар томонлама ҳамкорлик кўлами ошиб, халқларимиз ўртасидаги қон-қариндошлик ришталари мустаҳкамланиб бормоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Насредин Исматуллони қабул қилди. Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатлар эътироф этилди.  

Элчи самимий қабул учун миннатдорлик билдирар экан, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда барча соҳаларда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, демократик янгиланишлар ва парламентаризмни ривожлантириш соҳаларидаги ислоҳотларни юқори баҳолади.

— 2016 йилдан буён икки давлат Президентларининг оқилона сиёсати туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш ва халқаро майдонда ҳамкорликни кенгайтиришга ҳисса қўшмоқда, — деди Н.Исматулло.

Конструктив руҳда ўтган учрашув давомида парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Дўстлик гуруҳларининг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, парламент қўмиталари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш кун тартибидаги муҳим масалалардан бири экани таъкидланди.

М.Комилова, ЎзА