Тожикистон билан ҳамкорлик янада ривожланади
Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов Тожикистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий билан учрашди.
Мулоқотда мамлакатимиз ва Тожикистон Республикаси ўртасида маданий-гуманитар ва иқтисодий-ижтимоий алоқалар тобора ривожланиб бораётганлиги қайд этилди.
Наманган вилоятида тожик миллатига мансуб 270 мингдан зиёд фуқаролар аҳил ва тотувликда истиқомат қилмоқда. Наманган шаҳрида алоҳида ажратилган бинода Тожик миллий-маданий маркази фаолият кўрсатмоқда.
[gallery-477]
Жорий йилда Наманган ва Тожикистон ўртасида 5 миллион 300 минг доллар миқдоридаги товар айланмаси амалга оширилди. Бундан 3 миллион 800 минг доллари Тожикистонга экспортга, 1 миллион 500 минг доллари эса қўшни давлатдан вилоятимизга импорт улушига тўғри келади. Элчи ўз сўзида ўтган йили Наманганда ўтказилган бизнес-форумда иштирок этгани, унда тақдим этилган лойиҳаларнинг бир қисми амалга оширилганидан хурсандлиги, бу борада шижоат кўрсатган наманганлик тадбиркорлардан миннатдор эканлигини билдирди.
Наманган вилояти ҳудудларидан Тожикистонга мева-сабзавотлар, текстиль ва трикотаж маҳсулотлари юборилади. Тожикистондан эса асосан цемент ва кимёвий маҳсулотлар келтирилади. Айни пайтда Тожикистон инветицияси иштирокидаги 7 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро товар айланмаси ҳажмини бир неча карра ошириш юзасидан фикр алмашилди.
– Тожикистоннинг бизга қўшни ҳудудларида машҳур гилам фабрикалари бўларди, улар ишлаб чиқарган анвойи гиламларга талаб ҳозир ҳам сақланиб қолган. Тожикистон экотуризм борасида ҳам бой тажрибага эга. Бу тажрибадан вилоятимизда унумли фойдаланишимиз керак, – деди Шавкат Абдураззақов.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА