Тожик адабиётига бир назар
_
Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,
Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.
Илдизи олис асрларга бориб тақаладиган тожик-ўзбек адабий алоқалари хусусида сўз кетганда, аввало, жаҳон адабиётининг йирик намоёндаларидан бири Абу Абдулло Рудакий (858-941)нинг машҳур маснавийсидаги юқоридаги сатрлар ёдга тушади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 18-19 апрель кунлари қўшни Тожикистонга қилган давлат ташрифи ўзбек ва тожик халқлари азалий дўстлигининг ёрқин намунасидир.Икки қардош эл ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик кейинги йилларда янада ривож топганлигини алоҳида қайд этиш керак.
Шеърият осмонининг ёрқин юлдузи Алишер Навойининг тожик адабиётининг улуғ намоёндаларидан бири Абдураҳмон Жомий билан устоз-шогирдлик анъаналари икки халқ ижодкорларининг азалий дўстлигига ёрқин мисол бўла олади.”Хамса” асари ҳам улуғ устоздан илҳомланиб ёзилган.
Ўзбек китобхонлари тожик адабиёти дурдоналаридан, бугунги адабий жараёнда фаол тожик ижодкорлари асарларидан баҳраманд бўлмоқдалар.
Айниқса машҳур шоир Абулқосим Лоҳутий шеърларининг мухлисиман.
Қўлинг бошимга қўй, ҳароратим бор,
Тун-кун на ҳузур, на ҳаловатим бор.
Ё қувғин қил, ёки тинчит кўнгилни,
Висол оқшоми бул, сенга гапим бор.
Кўп асрлик тарихга эга тожик адабиёти узоқ йиллардан бери миллионлаб китобхонларнинг маънавий мулкига айланганлиги диққатга сазовордир.Шу хусусда гап кетганда тожик классик адабиёти,хусусан, адабиётшунослиги,публицистикаси,насри, шеърияти, драматургияси намоёндалари ҳаёти ва ижодий фаолияти, уларнинг ижод хирмонига қўшган улкан ҳиссалари–ажойиб асарлари ҳақида мухтасар юритишни лозим топдик.
Форс-тожик адабиётининг асосчиси Абу Абдулло Рудакий босиб ўтган ҳаёт ва ижод йўли ўзига хосдир.У Самарқанд шаҳри яқинидаги Панжрудак қишлоғида таваллуд топган.Рудакий ёшлигиданоқ ҳар жиҳатдан ниҳоятда истеъдодли эди.Ҳатто саккиз ёшиданоқ Қуръонни хатм қилганлигидан ҳам унинг қандай юксак талант соҳиби эканлигини илғаш қийин эмас.
Рудакий асарлари турли мавзуларда.Унинг бир рубоийсини ёшлик йилларимда ёдлаган эдим, ҳамон ифодали ўқишни хуш кўраман.
Ўз нафсини мағлуб этолган марддир,
Ғийбатдан узоқ-узоқ кетолган марддир.
Номард тепиб ўтар йиқилганларни,
Ожиз кишилар қўлин тутолган марддир.
Тожик адабиётининг улкан вакилларидан бири Мирзо Турсунзода шеърлари ҳам жаҳон адабиётининг нодир намуналарига айланганлигини алоҳида қайд этиш керак.У халқаро Неру мукофоти лауреати, Тожикистон Қаҳрамони, Тожикистон халқ шоири, дунё кезган машҳур адиб эди.
Бундан ташқари Раҳим Жалил, Мирсаид Миршакар, Мўмин Қаноат, Гулрухсор Сафиева, Лойиқ Шерали, Фарзона, Озархш,Абдужаббор Суруш асарларини ўзбек китобхонлари ҳам севиб мутолаа қилмоқдалар.
...Бир куни “Дўрмон” ижод уйида китоб ўқиб ўтирган эдим.Шоир Одил Икром Тожикистон Ёзувчилар уюшмасининг раҳбарларидан бири Акбар Аблуллони эргаштириб келди.Акбар Абдуллони анчадан бери танир эдим.
У Ҳиндистондан келаётган экан.Китобларимни совға қилдим.У ҳам менга рус тилида нашр этилган тўпламига дастхат ёзиб берди.Бугунги тожик адабиёти, ўзбек-тожик адабий алоқалари ҳақида гурунглашдик.
–-Душанбега боринг.Ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосим билан таништираман.Борсангиз, тожик тилига таржима қилинган ҳикояларингизни журналларда босиб чиқарамиз.Балки алоҳида китобча ҳолида чоп этармиз.
Аммо иш, ижод ташвишларидан ортиб, Акбар Абдуллонинг таклифини амалга ошира олганим йўқ.У киши мен билан тенгдош эканлар.Ҳатто мен туғилган Сурхондарёда танишлари ҳам борлигини, улар билан дўстлик алоқаларини ўрнатганлигини,жуда иноқ эканлигини айтиб қолдилар.
Акбар Абдуллонинг шеърларини ўзбек тилига талантли ижодкорлардан бири Одил Икром ўгирган.Айниқса севги ҳақидаги асарлари таъсирли.
Унинг “Шоир ишқи” шеъри бадиий жиҳатдан анча юқорилиги учун кўпчилик мухлисларни хурсанд қилди.Туйғулари ниҳоятда табиий.
Хаёл оғушида кўча кезаркан,
Шеъримни пичирлаб айтиб юраман.
Девона кўнгилнинг орзуларини,
Ботинимда қайта тиклаб бораман.
Бугунги тожик шеърияти ҳақида фикр юритганда Адиба Хўжандий асарлари кўз ўнгингизда гавдаланади.У ташбеҳлардан самарали фойдаланади.Эҳтирослари тошқин.Мавзулари хилма-хил.
Элга танилган шоир К.Хўжандий номли адабий мукофотни олишга ҳам муяссар бўлган.1998 йилдан бери Тожикистон ёзувчилар иттифоқининг аъзоси сифатида самарали ижод қилиб келаётир.
Азизим, ҳижронинг кўз ёшларимнинг
Кумуш сўқмоғидан кетар олисга.
Ва мен ҳам кетарман, нолаларимнинг
Кўпригидан ўтиб, ғамгин, оҳиста...
Тожик шеърияти тўғрисида етарли тасаввурга эга бўлишни истаган киши, албатта, “Замонавий тожик шеърияти антологияси” китобини ўқиб чиқиши лозим.Чунки тўпламдан классик шоирлардан тортиб то ёш тожик шоирларининг ижодидан намуналар ҳам ўрин олганлиги мақтовга лойиқдир.
–“Замонавий тожик шеърияти антологияси” бир неча авлод тожик шоирлари шеърларидан иборат ажойиб гулдастадир,–дейилади китобга ёзилган аннотацияда.–Ундан 60 нафарга яқин шоир ўрин олган.Садриддин Айнийдан бошланиб, Нурали Нурзод билан тугаган антологияда сара шоирларнинг нафақат номи, балки асарлари ҳам чертиб-чертиб танланганки, қулоғидан тортиб олиб кирилган зўрма-зўраки шеърни топмайсиз.Ўзга тузум остонасида туриб ижод қилган шоирлар шеърини ўқиганингизда ҳам димоғингизга бугунги кун нафаси баралла келаётганини сезасиз, шоирни худди ёнингизда турган замондошдек ҳис этасиз.Ва энг асосийси, шеърларнинг таржима эканини сезмайсиз.Баъзи ўринларда шеърлар ҳатто аслиятдан кўра юракка яқинроқдай.Ушбу антология икки қону қардош –ўзбек ва тожик халқлари ўртасида кўприк вазифасини ўтаётган истеъдодли шоир ва моҳир таржимон Одил Икромнинг машаққатли меҳнати маҳсулидир.У анча-мунча нозиктаъб китобхонларнинг юрак жавонидаги энг нодир маънавий мулклардан бирига айланишига ишончимиз комил.
Ўзбек ва тожик адабиёти вакилларининг ўзаро адабий алоқалари, бир-бирлари билан дўстлиги ўрнак бўларли даражада.Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия каби машҳур ижодкорларнинг тожикистонлик таниқли шоир ва адиблар билан чин дўстлик ришталари боғланганлиги барча маълум.
Дунёга танилган ёзувчи Садриддин Айнийнинг бадиий жиҳатдан бақувват асарларини болалигимда ўқиб чиққан эдим.”Қуллар”, “Дохунда” “Судхўрнинг ўлими”, “Эски мактаб” тўпламлари ҳамон шахсий кутубхонамнинг китоб жавонидаги кўзга кўринарли жойда турибди.Уларни мутолаа қилишни ўнлаб бадиий асар мухлисларига тавсия қилдим.
Асли сурхондарёлик, Бойсуннинг Пасурхи қишлоғида туғилиб ўсган таниқли ёзувчи Саттор Турсун қиссалари ва ҳикоялари жаҳонга машҳур.Уларнинг кўпчилигини истеъдодли адиб Эркин Аъзам маҳорат билан таржима қилган.Халқ ҳаётини яхши ўрганган Саттор Турсун асарларини ўқисангиз, тафаккурингиз кенгаяди, бениҳоя завқ оласиз.
Тожик адабиёти хусусида сўз кетганда беихтиёр шеърлари минглаб қалбларни забт этган Озарнинг эҳтиросли сатрлари ёдга тушади..
Келсайдинг, келсайдинг, шаҳар бошидан,
Гуллар сочар эди само, эй, аёл.
Эҳтимол, топарди, пок ишқимиздан,
Шаҳар ўз дардига, эй, аёл!...
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга қилган икки кунлик давлат ташрифи икки қардош халқ ўртасидаги дўстликни,турли соҳалардаги, хусусан, адабий ҳамкорликни янада кучайтиришига ишончимиз комил.
Жовли Хушбоқов,
адабиётшунос.
ЎзА