“Тозалик ва озодалик” долзарб икки ойлиги давом этмоқда
Аввал хабар берганимиздек, республика бўйича “Тозалик ва озодалик” долзарб икки ойлиги ўтказилди.
Қайд этилишича, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми учун 10 миллион 597 минг туп кўчат ва буталар захираси яратилган. Яшил ҳудудларда узунлиги 191 500 метр суғориш тизимлари мавжуд.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ойлик доирасида республиканинг барча ҳудудларидаги маҳаллалар, кўчалар, йўллар, ариқлар, каналлар, сув ҳавзалари ва бошқа жамоат жойлари чиқиндилардан тозаланиб, ноқонуний чиқиндихоналар бартараф этилди. Хусусан, жорий йил 7-8-октябрь кунлари Фарғона вилояти 8244 тонна, Қашқадарё вилояти 3069 тонна, Бухоро вилояти 3790 тонна, Сирдарё вилояти 2836 тонна, Наманган вилояти 4922 тонна чиқиндидан халос қилинди. Шунингдек, бошқа ҳудудлардан ҳам тозалик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА