Тозалик куни кўтаринки руҳда ўтди
Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи МЧЖ да ҳам “Бутунжаҳон тозалик куни”га бағишлаб тозалик акцияси ўтказилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, завод ишчи ходимлари, Ўзбекистон Экологик партияси вилоят ташкилоти, туман мутасадди ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Дастлаб мутахассислар томонидан ушбу кун муносабати билан йиғилганларга атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳақида тушунча берилди.

Таъкидланишича, Бутунжаҳон тозалик куни – бу инсоният ўзи яшаб турган ҳудудда тозаликни ўрнатиш ғоясини ифода этади. Ғоя даставвал 2008 йил Эстонияда вужудга келиб, 50 000 кўнгиллилар мамлакатни чиқиндилардан холи этиш учун бирлашади. Ушбу санага бағишланган тадбирлар Ўзбекистонда илк бор 2019 йилда ўтказилган.


Кун давомида иштирокчилар истироҳат боғлари, ташкилот ва корхоналарда, маҳаллалар ва кўча-куйда йирик ҳажмдаги тозалаш-ободонлаштириш юмушларини амалга оширди. Тадбирда фаол қатнашганлар ва завод ишчиларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА