Мебель бозорида савдо қиладиган ўртоғим билан кўришганимизда, у ёқ-бу ёқдан, ишларидан гаплашиб қоламиз. У ҳар гал савдолари ҳақида гапира туриб, кўпчилик “клиентлар” тўй олдидан мебель олишга келишини, улар орасида қийналганлари кўплигини, бировлардан қарз олиб, зўрма-зўраки, ўзига оғир бўлса-да, қудаларининг гап-сўзидан қочиб, иложи борича қимматроғини олишга ҳаракат қилишларини айтиб қолади. “Айримлар эса нақд пулга қийналганидан бўлиб тўлашга ёки кредитга сўраб келади”, дейди.

Ўртоғимнинг бу гапларини эшитиб, ўйланиб қоламан: чақалоқ туғилганидан бошлаб бешик тўй, суннат тўй, мучал тўй, никоҳ тўй каби фарзандга аталадиган тўйларимиз, яхши кунларимиз кўп. Тўй, хурсандчилик жуда яхши, бу маросимларимизда ўзига хос миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз ўз бўй-бастини кўрсатади. Аммо тўйлар билан боғлиқ муаммолар, дабдабабозлик, исрофгарчилик, ўзини кўз-кўз қилишга уриниш, қуда-андалар ўртасидаги ўзаро келишмовчилик, сарпо-суруқ, мебелу алламбало керак-кераксиз матоҳлар атрофидаги ташвишлар ҳам борки, булар ўрни келса, яхши кунни ҳам қиёматга айлантиради.

Тўйлар ҳақидаги ўйларимизнинг охири ҳеч кўринмайди. Бир неча аср аввал ҳам тўйлар билан боғлиқ муаммолар тилга олинган, XIII-XIV асрларда яшаб ўтган адиб Сайфи Саройи бу иллатлардан куюниб “Тўй улуғ юмушдир. Лекин бу юмушдан манманлик йўлида фойдаланмак қиёмат-қойим ишдир”, деб ёзади. ХХ асрнинг бошларида яшаган маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний эса “Бизни илмсизлик, тарбиясизлик, тўй деб мингларча ақчаларни беҳуда исроф этмаклик оғир аҳволга солди. Ағниё ва сарватдорларимиз тўй пойгаси қилиб, фақир ва камбағалларимиз бор-йўқларига қарамасдан уйларини, боғларини, тўнларини сотиб, тўйга сарф қилмоқдалар. Тўй деган ерда муқаддас Ватанни сотишдан тоймайдиган, истиқболини ўйламаган ва болаларининг саодатини тушунмаган бир қавмдан қандай тараққий, маданият ва маърифат кутмоқ керак?”, дея афсус-надомат билан ёзган эди.

Бу оғриқли мавзу, афсуски, ҳамон долзарблигини йўқотмай, “тренд” бўлиб келмоқда. Аксинча, унга янгидан-янги, миллатимизга хос бўлмаган одатлар қўшилиб бормоқда. Фойдали такрорнинг зиёни йўқ, дегандай тўйлардаги дабдабабозлик, ортиқча сарф-харажатлар, муаммолар ҳақида ёзишдан, бонг уришдан тўхтамаймиз.

Кўпинча ижтимоий тармоқдарда дабдабали тўйларнинг расмларига кўзимиз тушади. Катта бир саройни эгаллайдиган тўй сарполари, ҳашаматли ресторанларда ўта тўкин-сочин дастурхонлар, столларда емак-ичмакнинг ҳамма хилларидан, шу жумладан, импорт маҳсулотлардан қўйилгани, санъаткорлар кетма-кетлигию улар устидан сочилган пуллар, иномарка машиналар билан кўчаларни тўлдирган тўй кортежи, қимматбаҳо анжомлар билан безатилган келин хонадони... Санаб саноғига етолмайсан, қай бирини гапириб, қайси бирига тўхталишни билмайсан киши.

Бундай тўкинликни бисёр қилишга эса юзлаб миллионлар сарф этилганини айтиб ўтириш шарт эмас. Энг ачинарлиси, дабдабали тўй ҳам, бекаму кўст, қимматбаҳо сарпою мебеллар ҳам, кўчада кўз-кўз қилиб юрилган машиналар кортежи ҳам, манаман деган санъаткорларнинг тўйга ташрифию хизмати ҳам келин-куёвга бахт улаша олмайди. Аслида дабдаба билан бахт қасрини қуриб бўлмайди. Мол-дунё, маиший нарса-предметлар инсон ҳаётининг мазмуни, борлиғи бўла олмайди, ўзаро меҳр-муҳаббатни, оқибатни, қадрдонликни ҳадя қилолмайди, қуда-анда ўртасидаги узилмас ришталарни мустаҳкам боғлай олмайди. Аксинча, дабдабали тўй деб, сарпо-суруқ деб боғланадиган ришталарга дарз кетиш, қудалар, келин-куёв ўртасига ўзаро совуқчилик тушиш ҳолатлари кўп учрайди.

Яқинда бир танишим қўшни маҳалласида бўлган воқеани гапириб қолди. Қизни унаштириб қўйишган. Тўй олдидан бўладиган фотиҳа маросимида қудаларнинг ўзаро сарпо қўйиши, келин томоннинг куёвга қилган сарпо-суруқлари ортидан катта муаммо келиб чиққан. Гап шундаки, келин томон “диди паст”, “назари паст”лик қилиб, арзон кийим-кечаклар олиб қўйганмиш. Бу эса бўлажак қайнонага хуш келмапти. “Назари паст одамлар билан бир умрга қандай қилиб ришта боғлайман”, деган важ билан тўйни бекор қилишибди...

Ҳайрону лол бўласан киши: шу ҳам гапми, фарзандининг бахти, ҳаёти олдида қаердаги латта-путта ҳам баҳонами?! Унаштирилган, тўйи белгиланиб, бекор қилинган қизнинг тақдири-чи? Мол-дунё, ҳою ҳавас дардида бировнинг гулдай қизининг юзини шувут, номини қора қилиш нақадар аянчли! Бу разиллик, риёкорлик, бадбахтлик, ношукрлик эмасми?!

Сарпо деб, ҳою ҳавас ва тўй харажатлари деб ҳатто тўйгача етиб бормасдан узилаётган бундай ришталар, афсуски, кам эмас.

Дабдабали тўйларни қисқартириш, ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймаслик борасида кўп гапирилди. Ҳатто давлат даражасига кўтарилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кенгаши ва Сенат кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилиниб, унда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одат ва анъаналарини менсимаслик каби иллатларга қарши зарур чора-тадбирлар белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, коронавирус пандемияси шароитида тўйларда меҳмонлар сонини қисқартириш, камчилик билан, камхарж қилиб ўтказиш бўйича қарорлар қабул қилинди. Ушбу тартибга амал қилмаганларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.

Аммо афсуски, бу чоралар тўйларни бирозгина тартибга солаётгандек туюлса-да, барибир самараси кутилганидек бўлмаяпти. Ҳар қандай чора-тадбир, тушунтириш-тарғибот бўлмасин, тўйлар билан боғлиқ ташвишли муаммоларимиз ўзанидан чиқса чиқяптики, аригани йўқ. Сабаби эса яна ўз-ўзимизга боғлиқ, катталаримиз, ёшларимиз, ҳою ҳавасларимиз билан боғлиқ.

Ҳаёт тараққий этгани сайин тўй ва маросимларни ўтказишда ҳам янгиланишлар, ўзгаришлар юзага келмоқда. Аммо ҳамма нарса эви билан бўлса, қуда-андалар ўзаро кенгашиб, бир-бирини қийнамасдан, кимгадир басма-бас келаман деб ҳаракат қилмасдан одми, ўзига хос тўй ўтказса, кимдир уришармиди? “Элнинг тўйини, ошини еганман, одамлар гап қилади”, деган андиша билан минглаб меҳмон чақириш, “фалончи қилди, мен ҳам қолишмайман”, дея қарз кўтариб бўлса-да, қимматбаҳо сарполар қилиш ҳеч бир ўлчовга тўғри келмайди. Бу андишанинг, ҳою ҳавасларнинг ортидан тузатиб бўлмас ҳолатлар юзага келиши ҳеч гап эмас.

Айтмоқчи, мебельчи ўртоғимдан эшитганларим орасида бироз ижобий ҳолатлар ҳам бор. Унинг айтишича, сўнгги пайтларда тўй олдидан мебелларни қиз томон эмас, йигит томон (кўпинча йигитнинг хоҳиши, қарори билан) олаётган ҳоллар кўп эмиш. Келинининг уй тўлдириши, мебелларни қатор қилиб олиб келишига интиқ онанинг раъйига қарши бориб, қатъиятлилик қилаётган ўзбек ўғиллари кўпаяётганидан, очиғи, қувондим.

Хулоса сифатида айтганда, тўйлар борасида “отдан қолма эшагим” қабилида ким ўзарга ҳаракат қилиш — дабдабабозликни урчитади, холос. Тўй обрў олиш мусобақасига, иллатга айланиб қолмаслиги керак. Ўзимизга, ўзбек миллатимизга хос тўй-маросимлар ҳақиқий хурсандчилик билан, ҳаётимиздаги энг ёрқин кун сифатида муҳрланишига ҳаракат қилайлик. Боғланаётган ришталарнинг ўзаро меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат билан, қудачилик – минг йилчилик тамойилига монанд тарзда бўлишига эришайлик.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тўйларни обрў олиш мусобақасига, иллатга айлантирмайлик...