Тошлоқда қовун экспорти бошланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бу йил ҳам тошлоқликлар эртапишар қовун навларини экиб, илк ҳосилни ола бошладилар.
“Бесаранг” МФЙ аҳолиси азалдан қовунчилик билан шуғулланади. Деҳқончилик маҳалла “драйвер”и сифатида белгиланган бўлиб, миришкор томорқачилар йилига уч-тўрт маротабагача ҳосил олишади. Шунингдек, бесарангликлар турли сабзавот ва резавор кўчатларини етиштириб сотишнинг ҳам ҳадисини олган.
Шу маҳаллада яшовчи Абдуҳамид Бакиров хонадонида илк қовун узилди. Хонадон соҳиби ўн сотих ерга февраль ойи бошларида 1 минг 200 дона “Дакора – Ф1” навли қовун уруғини эккан эди. Мана, май ойининг биринчи ўн кунлигида тилни ёрар қовунлар пишиб етилди.
[gallery-11859]
- Ўтган йили беш миллион сўм сарф этиб, 35 миллион сўм даромад олган эдик, бу йил, насиб қилса, 80 миллион сўм фойда қилишни мўлжаллаб турибмиз, - дейди Абдуҳамид ака. - Бундан ташқари қовун йиғиштириб олинганидан сўнг карам экамиз, у ҳам қўшимча даромад деганидир.
Маҳалла раиси Дилмурод Қосимовнинг айтишича, айни пайтда мингдан ортиқ оиланинг аксарияти ўз томорқасида қовун етиштиради. Ҳозирда ушбу қишлоқда жами 35 гектар майдонда қовун экилган. Бесарангликлар етиштирган қовунлар нафақат Фарғона водийсида, балки қўшни республикаларда ҳам машҳур. Шу боис экологик тоза маҳсулот МДҲ давлатларига экспорт қилиб келинмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА