
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Манзура Салимова Фарғона вилояти Тошлоқ туманида “Камбағалликдан фаровонлик сари” давлат дастурининг ижроси борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Мазкур дастур доирасида туманда 5577 нафар фуқаро рўйхатга олинган бўлиб, улар 290 нафар раҳбарга бириктирилган.
Тумандаги “Vakkas Textile” МЧЖ хорижий инвестор маблағи ҳисобидан ишга туширилган бўлиб, бу ерда 200 та янги иш ўрни ташкил этилган. Ишчиларнинг 50 нафарини Найман маҳалласида истиқомат қилувчи “Аёллар дафтари”га рўйхатга олинган аёллар ташкил этади. Корхонада тикилаётган текстиль маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш ишлари бошланган. Бу эса оилалар даромадини янада ортишига хизмат қилади.
Депутат корхона фаолияти билан яқиндан танишар экан, хотин-қизларга яратилган меҳнат шароитларини янада яхшилаш борасида иш берувчиларга ўз тавсияларини билдирди.
Шундан сўнг, депутат тумандаги тажриба тариқасида танлаб олинган 5 та маҳалла вакиллари билан ҳам учрашди.
“Айланмагузар” МФЙда истиқомат қилувчи Азизбек Маматқулов хориждан қайтгач иш топишга қийналиб қолган эди. Маҳалла еттилиги хулосасига кўра, уни ва оиласини оғир турмуш шароитидан чиқаришга кўмаклашиш мақсадида иссиқхона ташкил этиш тавсия қилинади. Дастлаб, 4 сотих ер майдонида 33 миллион сўм имтиёзли кредит билан иссиқхона ташкил этиб, ўз фаолиятини гулчиликдан фаолиятини бошлаган Азизбек ўтган йили яхши даромад эгасига айланади. У қисқа муддатларда кредит қарзларини қоплаш билан бирга, яна 3 та янги иссиқхона ташкил этишга ҳам муваффақ бўлди.
Туманнинг “Ахшак” МФЙда камбағалликдан чиқариш учун танлаб олинган яна бир оила соҳибаси Гулноза Акрамова чеварчилик фаолияти учун олган кредит маблағлари эвазига оилавий корхонага асос солади. Аста-секин у маҳалла хотин-қизларининг бандлигини ҳам таъминлашга ҳисса қўша бошлагани эса, янада қувонарли.
[gallery-21587]
Депутат фуқароларга ўз салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда даромад топишига кўмаклашилаётгани ва бу борадаги ишлар туманда ижобий натижа бераётганини эътироф этди. Бу борадаги ишларни янада кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш юзасидан масъулларга тавсиялар берилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА