Тошлоқ ерларда боғ барпо этилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг “Ҳамманинг ҳам қўлидан иқтисод келмайди, ҳамманинг ҳам қўлидан инвестиция олиб келиш келмайди. Лекин экологик вазиятга, ўзимизнинг туманимиз, ўзимизнинг маҳалламизга эътибор берсак бўлади-ку. Олдин кўчатимиз ҳам йўқ эди, ҳозир кўчатимиз ҳам бор”, деган сўзлари бугун ҳар бир бухоролик учун чақириқ бўлди.
Шундан келиб чиқиб, халқаро аҳамиятдаги М-37 магистраль йўлининг 111-114 километрлари қисми, Жондор ва Қоракўл туманларидан ўтувчи йўлнинг икки томонида 10 қатордан дарахт экиш ишларига киришилди. Ўтган кунлар давомида мазкур ҳудудларда катта ишлар амалга оширилмоқда. Танланган ҳудуд тошлоқ ва қақроқ ерлар бўлганлиги боис, усти текисланиб, унумдор тупроқ ва маҳаллий ўғитга тўйинтирилмоқда.
Мазкур ҳудудда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбир катта байрамга айланди. Тошлоқда боғ барпо этишдек эзгу ташаббус дарахт экишни яхши кўрадиган, меҳнатсевар бободеҳқонлар, азму шижоатли инсонлар ғайратига янада ғайрат қўшди.
[gallery-16778]
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ўктам Ўтаев, меҳнат фахрийси Файзулла Бебутовлар сўзга чиқиб, Президентимизнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ташаббуси тарихий ўзгаришларга асос бўлаётганини таъкидлашди.
Қуръон тиловат қилиниб, янги очилган ерларга дарахт экиш ишларига старт берилди. Тадбирда вилоят секторлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, вилоятдаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, Жондор ва Қоракўл туманлари мутасаддилари, ҳудуд фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари алоҳида намуна кўрсатиб, дарахт экиш ишларида қатнашди.
Шу куни 1650 та гужум, туя арча, саксовул каби сувни кам талаб қиладиган дарахт ва бута кўчатлари экилди.
Экилган кўчатларнинг парвариши алоҳида назоратга олинади. Жумладан, дарахт экилган ҳудудларга “Бухоросувтаъминот” МЧЖ томонидан томчилатиб суғориш тизими ўрнатилмоқда.
Магистраль йўл бўйидан 4 километр ҳудуд 40 метр масофагача фойдаланишга киритилади. 10 қатордан дарахт кўчатлари экилади. Ҳисоб-китоб бўйича қарийб 50 гектар ер майдони ўзлаштирилиб, бу ерларда ўзига хос боғ яратилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари