Тошкентга иккинчи “Орзу лайнери” келди
Бугун “Тошкент” халқаро аэропортига "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси томонидан харид қилинган иккинчи “Boeing-787-8 Dreamliner” самолёти келиб қўнди.
Бугун “Тошкент” халқаро аэропортига "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси томонидан харид қилинган иккинчи “Boeing-787-8 Dreamliner” самолёти келиб қўнди.Шу муносабат билан ўтказилган маросимда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси бош директори В.Тян ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон фуқаро авиациясини жадал ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилгани миллий авиакомпаниямиз паркини мунтазам янгилаб бориш, унинг инфратузилмасини модернизация қилиш, халқаро андозалар даражасида юқори сифатли хизмат кўрсатиш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш учун кенг имкониятлар бераётганини таъкидлади.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси 1996 йилдан буён АҚШнинг дунёга машҳур “Boeing” корпорацияси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда ва ундан йигирмага яқин “Boeing” самолётини харид қилди.
Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами арафасида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси илк “Boeing-787-8 Dreamliner” самолётини сотиб олган эди. Унинг номи инглизчадан таржима қилинганда “Орзу лайнери” деган маънони англатади.
Ушбу ҳаво кемасининг аксарият қисми ноёб композицион материаллардан ишланган. Бу унинг вазнини енгиллаштириш, парвоз хусусиятларини яхшилаш имконини берган. Самолёт ишончлилик, хавфсизлик ва тежамкорлик нуқтаи назаридан ҳам кўплаб афзалликларга эга. Шу боис у узоқ ва жуда узоқ масофаларга тўхтовсиз уча олади. Мутахассислар таъкидлашича, ушбу замонавий ҳаво лайнери 16 соат узлуксиз парвоз қилиши мумкин. “Dreamliner” Ўзбекистондан АҚШ, Канада, Австралия ва Африка мамлакатларига тўғридан-тўғри парвоз қилиши мумкин.
Янги самолётлардан фойдаланиш учун ер усти инфратузилмаси, муҳандис-техникавий ва учувчилар таркибини тайёрлаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясида юқори малакали 18 учувчи ва 2 учувчи-инструктордан иборат янги гуруҳ шакллантирилди.
Учувчиларимиз миллий авиакомпаниямиз паркида мавжуд бўлган самолётлардан техник ва технологик жиҳатдан тубдан фарқланувчи янги “Boeing-787-8 Dreamliner” самолётини қисқа муддат ичида муваффақиятли ўзлаштирди.
Мамлакатимизга олиб келтирилган биринчи “Boeing-787-8 Dreamliner” самолётининг тижорат эксплуатацияси 5 сентябрда бошланди. Халқаро йўналишдаги илк парвози 9 сентябрда Олмаота шаҳрига амалга оширилди. Бугунги кунда ушбу самолёт Олмаота, Дубай, Деҳли, Истанбул, Тель-Авив, Москва ва бошқа йўналишларда парвоз қилмоқда.
Бугун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси парки яна бир янги “Boeing-787-8 Dreamliner” самолёти билан бойиди. Сиэтлдан Тошкентгача 12 соатга яқин давом этган узлуксиз парвоз муваффақиятли бажарилди. “Boeing-787-8 Dreamliner” самолётини “Boeing” корпорацияси заводида "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси бош директорининг ўринбосари Геннадий Харлап ва "Uzbekistan Аirways Тechnics" авиакорхонаси директори ўринбосарлари Андрей Маргачёв ва Валерий Косов қабул қилиб олди.
Ушбу янги “Boeing-787-8 Dreamliner” самолётини Ўзбекистонга миллий авиакомпаниямиз экипажи – учувчи-йўриқчи Андрей Тян, иккинчи учувчи Юрий Горьков ҳамда авиакомпания бош штурмани Станислав Гурфинкель бошқариб келди.
– Мазкур янги авиалайнер тежамкорлиги, бошқаришнинг янада қулайлиги ва салонда йўловчиларга энг замонавий шароит яратилгани билан ажралиб туради, – дейди Андрей Тян. – Йўловчилар узоқ мамлакатларга парвоз пайтида тўхтамай ўз манзилига етиб олишни истайди. Мазкур самолёт уларнинг бу истагини бажара олади. Шундай замонавий самолётни бошқариш насиб этганидан хурсандман.
Жорий йилнинг сентябрида «Boeing» корпорацияси президенти Р.Коннернинг мамлакатимизга ташрифи давомида яна учта янги самолёт харид қилиш бўйича музокаралар олиб борилди. Миллий авиакомпаниямизнинг дастлабки иккита “Boeing-787 Dreamliner”и 787-8 модификациясига мансуб. Янгиларининг ўриндиқлар сони кўпайтирилган ва умумий ўлчами узайтирилган 787-9 модификациясидан сотиб олиш кўзланган.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Зокиров иштирок этди.