Тошкентда хитойшунослик бўйича минтақавий мулоқот майдони шаклланди
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида "Мерос ва келажак чорраҳасида Марказий Осиё ва Хитой" мавзусида хитойшунослик бўйича Иккинчи Марказий Осиё анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда ЖИДУ Халқаро илғор тадқиқотлар институти, ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциацияси, Тожикистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси раҳбарияти ва масъул вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида Марказий Осиёда хитойшунослик мактаби ривожланиши, қўшма илмий тадқиқот салоҳиятини ошириш, академик алмашинув кўламини кенгайтириш, Хитойнинг навбатдаги беш йиллик тараққиёт дастури истиқболи ва хитой тилини ўқитиш сифатига оид масалалар муҳокама қилинди.
Анжуман якунида "Жаҳон хитойшунослиги бўйича Марказий Осиё консенсуси" имзоланди. Ҳужжат қўшма тадқиқотларни рағбатлантириш, олим ва мутахассислар ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг барқарор механизмини шакллантиришга қаратилган.
Мазкур йиғилиш Хитойни ўрганиш соҳаси тобора доларб аҳамият касб этаётгани, Марказий Осиё, жумладан Тошкент айни йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга интилаётганини намоён қилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА