Тошкентда "UzMedExpo-2026" халқаро тиббиёт кўргазмаси очилди
Бугун пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" марказий кўргазмалар мажмуида "UzMedExpo-2026" XVIII халқаро тиббиёт кўргазмаси ўз ишини бошлади.
"International Expo Group" компанияси томонидан ташкил этилган кўргазмада Ўзбекистон, Германия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Корея Республикаси, Покистон каби давлатлардан 50 га яқин компания замонавий тиббий ускуналар, фармацевтика маҳсулотлари, диагностика ва реабилитация воситалари, жарроҳлик технологиялари ҳамда рақамли тиббиёт ечимларини намойиш этмоқда.
Кўргазманинг очилишида таъкидланганидек, бундай халқаро тадбирлар тиббиёт соҳасига замонавий технология ва инновацион ечимларни олиб кириш, хорижий компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда маҳаллий тиббиёт саноатини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Кўргазма доирасида маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасида тажриба алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва замонавий тиббий технологияларни муҳокама қилиш учун кенг имкониятлар яратилган.
–Бугунги кунда марказимиз икки йўналишда фаолият юритмоқда. Реабилитация Ўзбекистонда нисбатан янги соҳа бўлиб, биз инсульт, инфаркт, турли автоҳалокат ва йўл-транспорт ҳодисаларидан кейин беморларни реабилитация қиламиз. Даволаш жисмоний тарбияси, бассейн машғулотлари ва мутахассисларимиз меҳнати орқали беморларнинг ҳаракати ва ўз-ўзига хизмат қилиш қобилияти тикланмоқда. Айрим беморларимиз бир неча ой, баъзилари эса бир неча ҳафта ичида сезиларли натижаларга эришяпти.
Кўргазмага келсак, биз "Shox Med International Hospital" сифатида 18 йилдан буён бундай тадбирларда мунтазам иштирок этиб келяпмиз. Бу каби тадбирлар биз учун жуда муҳим, чунки улар натижасида ўз тажрибамизни намойиш этиш, янги ҳамкорлар топиш ва дунёдаги янгиликлар билан танишиш имконига эга бўламиз, – деди марказнинг маркетинг бўлими раҳбари Гулхан Сайфуддинова.
[gallery-31436]
Кўргазмада Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳам иштирок этмоқда. Агентлик тиббиёт ва фармацевтика соҳасини давлат томонидан тартибга солиш, шунингдек, инновацион илмий-ишлаб чиқариш кластери "Tashkent Pharma Park"ни ривожлантириш йўналишларида фаолият юритади.
Халқаро кўргазмада хорижий фармацевтика компаниялари ҳам ўз маҳсулот ва ишланмаларини тақдим этяпти. Улардан бири – Ҳиндистоннинг "Bharat Parenterals Limited" компаниясисидир.
– Биз Ҳиндистонда жойлашган фармацевтика компанияси сифатида Ўзбекистон бозорида 20 йилдан буён фаолият юритиб келяпмиз. Бугунги кунда 350 дан ортиқ фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий асбоб-ускуналарни таклиф этяпмиз.Уларнинг аксарияти Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган.Айни пайтда жарроҳлик чоклари, тери степлерлари, суяк муми, кўз ичи линзалари ва офтальмологик эритмаларга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Шунингдек, стоматология маҳсулотларимиз ҳам мавжуд.
Ҳозирда юртингизда маҳсулотларимизни рўйхатдан ўтказиш ва реализация қилишда ҳамкорлик қиладиган ишончли ҳамкорлар ҳамда дистрибьюторларни излаяпмиз.
Кўргазма ҳам юқори даражада ташкил этилган. Бу ерда соҳа вакиллари билан учрашиб, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имкониятига эга бўляпмиз, – деди ушбу компания вакили Харш Шарма.
Умуман олганда, уч кун давом этадиган "UzMedExpo-2026" халқаро кўргазмаси хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, тиббиёт муассасалари ҳамда соҳа мутахассислари ўртасида янги ҳамкорликни йўлга қўйиш, инвестицияларни жалб этиш ва замонавий технологик ечимларни жорий этиш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилмоқда.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА