Бугун дунё иқтисодий занжирида логистика тизими алоҳида ўрин тутади. Ҳар бир мамлакат экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш учун замонавий ва барча қулайликларга эга юк ташиш, сақлаш ва ўз вақтида уларни тартибли жўнатиш учун ҳаракат қилади. “Ўзэкспомарказ”да очилган 20-Халқаро “Транспорт ва логистика” кўргазмаси айнан шу мақсадларни кўзда тутади.
Ўзбекистон ҳам бу борада жаҳон савдо тизимида ўз ўрнига эга. Кўргазмага ташриф буюрувчилар темир йўл, автомобиль, авиация, денгиз портлари ва транспорти соҳасидаги хизматларни таклиф этаётган йирик логистика марказлари фаолияти билан яқиндан танишишлари, тенг манфаатли шартномалар имзолашлари учун қулай шароит яратилди. Шунингдек, бу ерда савдо йўлларини келишиб олиш, янги транспорт коридорларини ривожлантириш, жаҳон портларига маҳсулот олиб чиқиш борасида катта имкониятлар тақдим этилмоқда.
Бу йилги кўргазмада 14 мамлакатдан 70та компания иштирок этмоқда. БАА, Беларусь Республикаси, Корея Республикаси, Латвия, Литва, Нидерландия, Покистон, Россия, Туркия, Франция, Хитой, Швейцария ва Қозоғистондан йирик логистика соҳаларидан вакиллар ташриф буюришган. Улар орасида терминаллар, омборлар, божхона брокерлари, ускуналар етказиб берувчилари, суғурта компаниялари ва кенг қамровли логистика хизматларининг провайдерлари ҳам бор.
- Латвиядаги логистика компанияси номидан кўргазмада иштирок этиб, ўз хизматларимизни тақдим этяпмиз, - дейди кўргазма иштирокчиси, Латвия логистика компанияси вакили Раймондс Олбергс. - Америка, Европани Марказий Осиё давлатлари билан боғлайдиган тизимга эгамиз. Бу логистика учун зарур бўлган терминаллар, омборлар, божхона брокерлари, транспорт ва темирйўл юк ташувлари, мультимодал хизматлар, Рига портлари орқали юк ташиш каби зарур вазифаларни бизни компания амалга ошира олади. Ўзбекистонда ўз ваколатхонамиз бор ва бу ерда компаниямизнинг кенг ривожланишига барча катта имкониятлар мавжуд.
Кўргазмага ташриф буюрувчилар нафақат мавжуд йўналишлар билан танишишлари, балки бизнесни кенгайтириш ва халқаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама этиб олиш ҳамда янги логистика занжирларини ўзлари учун кашф этишлари мумкин. Ушбу намойишлар 7 ноябрга қадар давом этади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/ChSYixtUlCo?si=4oZiHLvJJiptnUsa" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев(видео), ЎзА