Тошкентда самарқандлик рассомнинг шахсий кўргазмаси очилди
Тошкент Фотосуратлар уйида самарқандлик рассом Рамиз Хўжаевнинг “Ёввойи рақслар” номли илк шахсий кўргазмаси очилди.
Кўргазмада рассомнинг 2023–2026 йилларда яратган асарлари жамланган бўлиб, уларда болалик хотиралари, кундалик ҳаёт таассуротлари, инсонлар билан муносабатлар ва шахсий кечинмалар ранглар орқали ифодаланган.
Экспозициядан эски ҳовлилар ва шаҳар манзаралари, аёллар образлари, мусиқачилар, ҳайвонлар, ўсимликлар, тушлар ва фантастик мавжудотлар акс этган асарлар ўрин олган. Рассом учун бу образлар шахсий тажриба ва хотиралар билан узвий боғлиқ.
Рамиз Хўжаевнинг айтишича, расм чизишга қизиқиши болалик йилларида шаклланган. Онаси уни бадиий тўгаракка олиб борган, яқинлари эса бу қизиқишини қўллаб-қувватлаган. Бугун рангтасвир рассом учун ҳаётдаги воқеалар ва кечинмаларни ифодалаш воситасига айланган.
[gallery-31389]
— Мени ҳаётнинг ўзи илҳомлантиради: одамлар, воқеалар, турмуш тарзимиз. Мен мусиқа тинглайман, шеъриятга қизиқаман, китоб ўқийман. Картиналаримдаги образлар, асосан, шахсий тажрибам — болалигим, ҳаётимдаги воқеалар ва айни пайтда ҳис қилаётган туйғуларимдан келиб чиқади, - дейди рассом.
Р. Хўжаев ижодига Пабло Пикассо, Амедео Модильяни, Эдвард Мунк ва Жан-Франсуа Милле каби рассомлар таъсир кўрсатган. Замонавий рассомлардан Андрей Новик ва Аслиддин Исаев ижодини ҳам алоҳида эътироф этади. Рассом Мирсаид Саматовни эса санъатдаги устозларидан бири сифатида тилга олади.
Рассом ижодида Самарқанд муҳити ҳам муҳим ўрин тутади. Шаҳарнинг меъморий обидалари, эски ҳовлилари, қуёшда товланувчи деворлари ва кундалик ҳаёти унинг асарларида ўзига хос ранг ва образларда намоён бўлади.
Кўргазманинг очилиш маросимида санъатшунослар, рассомлар, маданият ва санъат соҳаси вакиллари, ижодкорлар ҳамда санъат ихлосмандлари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, Рамиз Хўжаев асарларида Самарқанд муҳити қуюқ кўк ва яшил ранглар, зарғалдоқ оҳанглар, декоратив шакллар ҳамда кундалик ҳаёт манзараларининг ўзига хос уйғунлигида акс этади. Рассом анъанавий услубларни такрорлашдан кўра, шахсий тажриба ва ҳиссий ҳолатларига таяниб ижод қилади.
“Ёввойи рақслар” номи рассомнинг шу номдаги асаридан олинган. Унда ранг ва шакл орқали эркинлик, ҳаракат ва ички кечинмалар ифодаланган. Композициядаги ранглар образлар ва макон ҳаракатини белгилаб, воқеликни хотира ва тасаввур билан уйғунлаштиради.
Кўргазма рассомнинг сўнгги йиллардаги ижодий изланишларини кенг жамоатчиликка тақдим этиш билан бирга, замонавий Самарқанд рангтасвиридаги янги қарашлар ва индивидуал услублар билан танишиш имконини беради.
Камола Юсупова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА