Тошкентда Ўзбекистоннинг биринчи доимий Замонавий санъат маркази очилди
Ўзбекистон маданий ҳаётида муҳим воқеа — Тошкент Замонавий санъат маркази ўз фаолиятини бошлади. Ўзбекистонда замонавий санъатга бағишланган биринчи доимий муассаса сифатида ташкил этилган Марказ кўргазмалар, таълим ва тадқиқот дастурлари, халқаро маданий ҳамкорлик ҳамда жамоатчилик учун турли маданий тадбирларни бирлаштирган янги платформага айланади.
1912 йилда қурилган собиқ дизель электр станциясининг тарихий биносида жойлашган Марказ замонавий маданий муассаса учун зарур бўлган кўргазма майдонлари, кутубхона, концепт-дўкон, ресторан, таълим майдонлари, учрашувлар ва тадқиқотлар учун жамоат жойларини ўз ичига олади. Бундай мажмуавий ёндашув Тошкент Замонавий санъат марказини Марказий Осиёда ўз тоифасидаги ўзига хос муассасага айлантиради.
Марказ биносининг меъморий реконструкцияси дунёга машҳур Studio KO меъморлик бюроси томонидан лойиҳалаштирилди. Бинони замонавий маданий марказга айлантириш жараёнида унинг тарихий қиёфаси ва саноат архитектурасига хос хусусиятлари сақлаб қолинди. Натижада собиқ электр станцияси тарихий мерос замонавий санъат ва архитектура билан уйғунлашадиган янги маконга айланмоқда.
Тошкент Замонавий санъат маркази — Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг лойиҳаси. Марказнинг ташкил этилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилди. Лойиҳа мамлакатда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, халқаро маданий ҳамкорликни кенгайтириш ва замонавий санъат экотизимини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ташаббусларнинг бир қисми ҳисобланади.
Марказнинг очилиши Ўзбекистон маданий инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим босқич бўлиб, кўргазма лойиҳалари, тадқиқотлар, таълим дастурлари ва маданий алмашинув орқали маҳаллий ва халқаро санъат саҳналарини бирлаштиришга хизмат қилади.
— Тошкент Замонавий санъат марказининг очилиши Ўзбекистон маданий инфратузилмасини ривожлантириш ва барқарор замонавий санъат экотизимини яратиш бўйича узоқ муддатли қарашларимизни амалга оширишда муҳим босқичдир. Марказ рассомлар, тадқиқотчилар, кураторлар ва турли жамоалар вакиллари учрашадиган маконга айланади. Бу ерда маҳаллий бадиий саҳна халқаро маданий майдон билан тўлиқ мулоқот қила олади. Биз нафақат замонавий санъатни намойиш этадиган, балки таълим, тадқиқот ва халқаро ҳамкорлик орқали унинг ривожланишини қўллаб-қувватлайдиган муассаса яратишга интиламиз, — деди Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова.
Очилиш куни меҳмонларга Марказ фаолиятининг ажралмас қисмига айланадиган мунтазам кўргазмалар, панел муҳокамалари, маърузалар, концертлар, спектакллар, фильм намойишлари ва таълим тадбирларини ўз ичига олган мазмунан бой дастур тақдим этилди.
Марказ фаолияти ўзбекистонлик рассомларни қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва маҳаллий аудиторияни дунёнинг етакчи замонавий рассомлари ижоди билан таништиришга қаратилган. Шунингдек, Марказ ўзбек рассомларини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, уларнинг ҳамкорлик, тадқиқотлар ва халқаро санъат лойиҳаларида иштирок этиши учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Илк кўргазма — «Ҳикмат»
Тошкент Замонавий санъат марказининг илк кўргазмаси доктор Сара Раза кураторлигидаги «Ҳикмат» кўргазмаси бўлди. Кўргазма номи араб тилидаги «ҳикмаҳ» сўзидан олинган бўлиб, «донолик» маъносини англатади. Экспозиция маҳаллий анъаналар, маънавий мерос ва замонавий бадиий амалиётларнинг кесишиш нуқталарини ўрганади.
— «Ҳикмат» кўргазмаси анъаналар, моддий маданият ва замонавий бадиий амалиётлар ўртасидаги янги кесишмаларни ўрганади. Кўргазма турли мамлакатлардан келган рассомларни бирлаштириб, маданият, хотира ва санъат устида доимий мулоҳаза юритиш жараёни сифатида доноликни янгича тушунишни таклиф этади, — деди Тошкент Замонавий санъат маркази бош куратори, санъатшунос олима, доктор Сара Раза.
Кўргазмада Муҳаннад Шоно, Нари Уорд, Шоҳрух Раҳимов, Тарик Кисвансон, Кимсужа, Али Шерри, Надя Кааби-Линке, шунингдек, Владимир Пан, Дарибай Саипов ва Бахтиёр Соиповларнинг асарлари намойиш этилмоқда. Уларнинг ижодий ишлари И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи тўпламидан тақдим этилган.
Бадиий асарлардан ташқари, кўргазма дастуридан Тошкент Замонавий санъат маркази мусиқа куратори Сабина Иноятова томонидан тайёрланган овозли инсталляция ҳам ўрин олган.
Марказнинг биринчи халқаро лойиҳаси
Шунингдек, Марказ 61-Венеция Замонавий санъат биенналесининг расмий параллел лойиҳаси сифатида «Тафаккур асбоблари» кўргазмасини тақдим этмоқда. Айни пайтда ушбу кўргазма Венециядаги Франкетти саройида намойиш этилмоқда ва 2026 йил 22 ноябрга қадар ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлади.
Лойиҳа Марказий Осиёнинг муҳим рассомларидан бири Вячеслав Ахунов ижодига бағишланган бўлиб, Тошкент Замонавий санъат марказининг биринчи халқаро кўргазма лойиҳаси ҳисобланади.
Халқаро ва маҳаллий ҳамкорлик
4 сентябрь куни Ўзбекистон тарихи давлат музейида Тошкент Замонавий санъат марказининг оммавий дастури доирасида нидерланд-марокашлик дизайнер Муҳаммад Беншеллалнинг кўргазмаси очилди. Тўплам 2025 йилда дизайнернинг Тошкентдаги арт-резиденцияси даврида Ўзбекистон маданияти, ҳунармандчилик анъаналари ва меъморий меросидан илҳомланиб яратилган.
Назокат Усмонова, ЎзА