Тошкентда озарбайжонлик рассом Интиқом Жафаровнинг "Сув ва ранг" кўргазмаси очилди
Бугун Павел Бенков мактабида озарбайжонлик рассом Интиқом Жафаровнинг “Дуализм — сув ва ранг” кўргазмаси очилди. Унда сувбўёқ орқали Озарбайжон ва Ўзбекистон манзаралари жонланди.
Бугун Павел Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида озарбайжонлик рассом Интиқом Жафаровнинг “Дуализм — сув ва ранг” номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазманинг очилиш маросимида Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси Иброҳим Валихўжаев, мактаб директори Умиджон Ҳакимов ҳамда рассомнинг дўстлари сўзга чиқиб, Интиқом Жафаровнинг ижодий йўли, ўзига хос бадиий услуби ва инсон сифатидаги фазилатлари ҳақида илиқ фикрлар билдирдилар. Улар рассомнинг нафақат ранглар орқали гўзаллик яратиш маҳоратини, балки ўз халқи тарихи, маданияти ва санъатига бўлган юксак эҳтиромини ҳам алоҳида таъкидладилар.
[gallery-32660]
Интиқом Жафаров ижодида акварель техникаси алоҳида ўрин тутади. Маълумки, сувбўёқда ижод қилиш рассомдан катта маҳорат, нозик дид, сабр ва аниқликни талаб этади. Кўргазмадан ўрин олган асарларда Озарбайжоннинг бетакрор табиати, қадимий ва замонавий шаҳар манзаралари, янги қад ростлаётган иншоотлар, инсон қиёфалари ҳамда ижтимоий мавзулар ўзига хос бадиий талқинда акс этган. Эътиборга молик жиҳати, кўргазмада Ўзбекистонга бағишланган асарлар ҳам мавжуд. Тошкент ва Самарқанд манзаралари, Адиблар хиёбони тасвирланган картиналар рассомнинг юртимизга бўлган меҳри ва мамлакатимиз маданий муҳитига бўлган қизиқишини намоён этади. Шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов портретининг яратилгани ҳам рассом ижодида ўзбек адабиёти ва маданиятига бўлган ҳурматнинг ёрқин ифодасидир.
— Интиқом Жафаров биз учун қадрли бўлган, Ўзбекистонга мунтазам келиб турадиган ижодкорлардан бири. Унинг ўзига хос техникаси бор. Акварель, яъни сувбўёқ билан ишлаш жуда мураккаб санъат. Бир хато қилсангиз, уни қайта ўзгартириш имкони бўлмайди. Шунинг учун ҳам бу йўналишда ишлаш катта маҳорат талаб қилади. Кўргазмада ҳақиқатан ҳам ўзига хос, чиройли асарлар жамланган – деди, актриса Замира Бешимова.
Дарҳақиқат, Интиқом Жафаров ижодини фақат ранглар ва тасвирлар уйғунлиги билан баҳолаш камлик қилади. Унинг асарларида инсонга, она Ватанга, тарих ва маданиятга бўлган муҳаббат мужассам. Рассом учун санъат — нафақат гўзалликни тасвирлаш, балки қалб кечинмалари, ҳаётий қарашлар ва эзгу туйғуларни томошабинга етказиш воситасидир.
Мунира Рамазонова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, санъатшунос