Тошкентда ўқувчилар давоматини назорат қилишга қаратилган янги тизим ишга туширилди
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Вазиятлар марказида Сергели туманидаги мактабларда ишга туширилган "SI Davomat" тизими тақдимоти ўтказилди.
Қайд этилганидек, таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнини мунтазам таҳлил қилиш ва ўқувчилар давоматини назорат қилишга қаратилган мазкур тизим мактаб жараёнларини рақамлаштиришнинг биринчи босқичи бўлиб, у маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш ҳамда мактаб, ўқитувчилар ва ота-оналар эътиборини талаб қиладиган масалаларни ўз вақтида аниқлаш имконини беради.

Тизим дарсларнинг ташкил этилиши, ўқувчиларнинг фаоллиги ва ўқитиш усулларини фанлар, синфлар ва ўқитувчилар кесимида мунтазам таҳлил қилиб боради. Олинган кўрсаткичлар ўқитувчиларни услубий қўллаб-қувватлаш, ўқитиш сифатини баҳолаш ва КПИ тизимини янада такомиллаштириш учун асос бўлади. Смарт-камералар ва Face ID технологияси ўқувчиларнинг мактабга келиши ва дарсларда қатнашишини автоматик равишда қайд этиш имконини беради.

Маълумотлар такрорий дарс қолдиришларни, жумладан, ўқувчининг айрим фанлар бўйича дарсларга келмаслигини аниқлашга ёрдам беради. Бу мутахассисларга сабабларни чуқурроқ ўрганиш, оила ва мактаб билан ҳамкорлик қилиш ва болага ўз вақтида зарур ёрдам кўрсатиш имконини беради. Ўқувчи сабабсиз дарс қолдирса, ота-онасига СМС-хабарнома юборилади. Бу ҳақдаги маълумот мактаб директори, профилактика инспектори, Миллий гвардия ходими ва маҳалла вакилларига ҳам автоматик етказилади. "ERP Maktab" ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ДМEД тизимлари билан интеграциялашув туфайли касаллик сабабли дарс қолдирилгани автоматик равишда ҳисобга олинади.

Ҳозирда "SI Davomat" Сергели туманидаги 26 та мактабда ишламоқда. У ерда 446 та смарт-камера ўрнатилган. Апробация натижалари тизимни Тошкент шаҳридаги бошқа мактабларда босқичма-босқич жорий этиш учун асос бўлади. Бу пойтахт таълимини рақамлаштириш бўйича изчил ишларнинг бошланиши, холос. Олдинда ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш, ота-оналарга қулайлик яратиш ва ҳар бир ўқувчининг сифатли таълим олиши учун шароит яратишга қаратилган янги ечимлар кутмоқда.
Гулноза Бобоева,ЎзА