Тошкентда миллийлик тарғиб қилинади
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов 21 январь куни “Тошкент шаҳрида миллийликни кенг тарғиб қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Қарорга кўра, Тошкент шаҳрида миллийликни кенг тарғиб қилиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Шаҳарда миллийликни кенг тарғиб қилишга қаратилган «Миллий Тошкент» лойиҳаси асосида амалга ошириладиган ишлар юзасидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Ишчи гуруҳ миллий либослар ва миллийликни оммалаштиришга оид тарғибот материалларини ишлаб чиқади. Корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликни йўлга қўяди. Оммавий тадбирлар даврида миллий либослар ва миллийликнинг мавқеи мустаҳкамланиши таъминлайди. Миллий либослар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлайди.
Қарор билан шунингдек, Тошкент шаҳридаги давлат ташкилотлари, бошқарма ва муассасаларда ҳафтанинг ҳар жума куни “Миллий либослар куни” деб белгиланди. Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликлари, ҳокимликлар қошидаги бошқарма, ташкилот ва бўлимлар, бошқа давлат органлари ва муассасалари ходимлари иш кунларида миллий либосларда юриши тавсия этилади (тасдиқланган хизмат кийимлари бундан мустасно).
Миллийликни тарғиб қилиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан эълон қилинган “Миллий либосларимиз барчага ярашади” шиори остидаги “Миллий тренд челленжи” бўйича тарғибот ишлари олиб борилади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, бошқарма ва муассасалар ўртасида “Миллийликнинг энг яхши тарғиботчиси” танлови ташкил этилади.
Қарор билан Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига миллий либослар дўконлари, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари савдо ярмаркалари, миллий ресторанлар ва бошқа миллий услубдаги хизмат кўрсатиш объектларининг фаолиятини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилишини, миллий либослар тикиш ва дизайн бўйича ўқув марказлари ташкил этилишини, ҳунармандларнинг маҳоратини ошириш бўйича семинар-тренинглар ўтказилишини таъминлаш буюрилди.
Бундан ташқари қарорга кўра, Тошкент шаҳрига келган сайёҳларга миллий қадриятлар ва ўзбек маданияти ҳақида батафсил маълумотлар берилиши таъманланади ҳамда уларнинг миллий либосларда фотосуратга тушишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Туристик маршрутларга миллий услубда безатилган жойлар, миллий ҳунармандчилик устахона ва дўконлари киритилади.
Меҳмонхоналарда, ресторанларда, туристик объектларда миллий либослар ва ўзбек маданиятига оид кўргазмалар, танловлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади.
Тошкент шаҳрида тайёрланаётган миллий либослар, ҳунармандчилик маҳсулотлари, уларнинг тарихи, дизайни ва тайёрланиш услублари тўғрисида маълумотлар базаси яратилади. Бу базадан тадқиқотчилар, дизайнерлар ва миллий либосларга қизиқувчи аҳоли кенг фойдаланиши учун очиқ бўлади.
“Миллий Тошкент” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳар йўловчи ташиш транспортлари ҳамда транспорт карталари миллийлик орнаментлари билан безатилади. Тошкент шаҳрида мавжуд умумтаълим мактабларининг ҳар бирида намуна сифатида биттадан «Миллий ўзбек синфи» ташкил этилади.
Савдо марказлари, бозорлар, истироҳат боғлари, музейлар, кино ва театр биноларининг фасад ҳамда ички қисми миллийлик руҳида безатилади. “Тошкентда миллийлик трендда” шиори остида қисқа метражли ижтимоий роликлар, блог ҳамда флешмоблар танлови эълон қилинади.
Ш.Маматуропова, ЎзА