Тошкентда глобал бизнес хизматлари форуми ўтмоқда
Жорий йилнинг 24–25 июль кунлари Тошкент шаҳрида Марказий Осиёдаги глобал бизнес хизматлари, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллектни ривожлантиришга бағишланган энг йирик халқаро платформа – “Global Business Services Forum (GBSF) - 2026” бўлиб ўтмоқда.
Форумда 45 дан ортиқ мамлакатдан 450 нафардан зиёд халқаро компаниялар раҳбарлари, инвесторлар, давлат органлари вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.

Форумнинг очилиш маросимида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этиб, Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун замонавий ва рақобатбардош экотизим шаклланганини таъкидлади.
— Бугунги кунда биз халқаро компанияларга нафақат бизнес юритиш учун қулай шароитлар, балки юқори малакали кадрлар, замонавий рақамли инфратузилма ва жадал ривожланаётган минтақавий бозорга кириш имкониятини ҳам таклиф этмоқдамиз. Агар сиз Ўзбекистонда IT компания очсангиз, ҳукумат томонидан ҳам, IT Park томонидан ҳам тўлиқ қўллаб-қувватланасиз. Сиз солиқ тўламайсиз, ходимларингиз ҳам имтиёзли, яъни камроқ солиқ тўлайди. Бу имтиёзлар 2040 йилгача амал қилади.
Шунингдек, биз айни шу йўналишда Enterprise Uzbekistan ташаббусини ҳам йўлга қўймоқдамиз. У сизнинг бизнесингизни Ўзбекистонда янада ривожлантириш учун энг қулай ҳуқуқий шароитларни тақдим этади, — деди Ш.Шерматов.

Вазир Ўзбекистоннинг энг катта устунлиги унинг ёш ва истеъдодли инсон капитали эканини таъкидлади. Шунингдек, мазкур ислоҳотларнинг халқаро миқёсдаги эътирофи ҳам тобора ортиб бораётганини, хусусан, Ўзбекистон «Country of the Year 2026» — стартап экотизими энг жадал ривожланган давлат сифатида эътироф этилганини қайд этди.
Шунингдек, форум глобал бизнес хизматлари соҳасидаги замонавий тенденциялар муҳокамаси билан давом этди. Сессиялар давомида сервис операцияларини кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, бизнес жараёнларини трансформация қилиш ҳамда сунъий интеллектни глобал хизмат кўрсатиш марказларига жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда глобал бизнес хизматлари экотизимини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор меморандумлар имзоланди. Жумладан, IT Park Uzbekistan ва Sonect (Teleperformance) ўртасида IT-аутсорсинг ҳамда BPO йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва тажриба алмашиш бўйича меморандум имзоланди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА