Тошкентда Германия миллий байрами нишонланди
Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан Германия бирлиги куни муносабати билан тадбир ўтказилди.
Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида ташкил этилган тантанали тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Германия делегацияси, дипломатик корпус аъзолари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ишбилармонлар иштирок этди.
Маълумки, 1990 йил 3 октябрь куни иккига бўлинган Германия бир давлатга бирлашди. Бу кун миллий байрам – Германия бирлиги куни сифатида кенг нишонланади.
Тадбирни очиб берган ГФРнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Манфред Хутерер Германия бирлиги кунининг тарихий аҳамияти ҳақида тўхталди. Шунингдек, элчи Ўзбекистон Германия муносабатларининг бугунги ҳолати ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг келгуси истиқболлари хусусида сўз юритди. Унинг қайд этишича, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари барча соҳаларда кенгайди ва фаоллашди.
[gallery-25567]
Маросимда Германия маданияти ва мусиқасидан намуналар ижро этилди. Меҳмонларга немис миллий таомлари улашилди.
– Мамлакат бирлашган кун немис халқи учун катта шодиёна, – дейди Германия Федератив Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси Иқтисодиёт ва матбуот бўлими раҳбари Ребека Довернье. – Ғарбий ва Шарқий Германиянинг бирлашуви халқимизга тинчликни туҳфа этди. Юртингизда ватандошларимиз билан миллий байрамимизни кенг нишонлаётганимиздан жуда хурсандмиз.
Меҳмонларнинг самимий ва дўстона руҳдаги мулоқоти билан давом этган тадбир Ўзбекистон Германия ўртасидаги иқтисодий, маданий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Камола Юсупова, ЎзА