Тошкентда эски уйларда яшовчи кўплаб оилалар янги, шинам хонадонларга кўчирилмоқда (+видео)
Тошкентда авария ҳолатидаги уйларда яшовчи кўплаб оилалар янги, замонавий хонадонларга кўчирилмоқда. Ушбу реновация лойиҳалари аҳолининг узоқ йиллардан буён ҳал этилмай келаётган муаммоларига ечим бўляпти.
Замонавий ва қулай уй-жой ҳар бир инсоннинг орзуси. Аммо Тошкент шаҳрида кўп йиллардан буён авария ҳолатидаги эски уйларда яшаб келаётган аҳоли учун бу орзуга етишиш муаммо эди. Бугунги кунда Тошкент шаҳрининг қатор туманларида авария ҳолатидаги уйларда яшовчи фуқаролар янги, шинам хонадонларга кўчирилмоқда. Бу, ўз навбатида, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижаси.
Пойтахтдаги реновация лойиҳалари эскирган уй-жой фондини янгилаш, муҳандислик ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда аҳолига хавфсиз ва қулай яшаш шароитларини яратишга қаратилгандир. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган ушбу дастур ҳудудларда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни комплекс ҳал этиш, эски уйларни янгилаш, ҳовлиларни ободонлаштириш, экологик шароитларни яхшилаш ва замонавий инфратузилмани ривожлантиришни мақсад қилган.
Миробод туманида ташкил этилган пресс-тур давомида реновацияга тушган уйларнинг аҳволини ўз кўзимиз билан кўриб, аҳолининг муаммолари ва янги уйларга эга бўлганликларидан хурсандликларига гувоҳ бўлдик. Улар яшаган уйларнинг ҳолати ачинарли, ўтган асрнинг 50-йилларида қурилган ва бутунлай эскирган. Ҳовлилар тор, кичик болалар майдончалари, эскирган коммуникация, сантехника ва том қисмлари, уй фасадлари таъмирталаб, мактаблар сиғими етарли эмас. Буларнинг барчаси энди ортда қолди.
– Махсус автотураргоҳлар йўқлиги сабабли ҳовлиларда доимий тирбандликлар юзага келарди, – дейди хонадон соҳибларидан бири. – Ёнғин ёки тез тиббий ёрдам машиналарининг ҳудудга кириши муаммо эди.
– Ҳоким келдилар, бориб янги уйларни кўриб келдик, бизга Сергели тумани Қумариқ маҳалласида қурилган хонадонлар ёқди, – дейди Наима Мерганова. – Уч хонали уйга эга бўлдик.
Ҳозирда Миробод, Яшнобод ва Сергели туманларидаги учта ҳудудда реновация лойиҳалари жадал давом этмоқда. Бу ҳудудларнинг умумий майдони 67 гектардан зиёд.
Миробод туманидаги Фитрат маҳалласида 14 гектар майдондаги 57 та кўп қаватли уй ва 530 та хонадон, Яшнобод туманидаги Жарқўрғон маҳалласида эса 22 гектар майдондаги 57 та кўп қаватли уй ва 774 та хонадон реновация дастурига киритилган.
Мулкдорларга янги хонадонларни ўзларига қулай ҳудуддан танлаш имконияти берилмоқда. Энг муҳими, уларга мавжуд яшаш майдонларига қўшимча янги уйлардан 10 квадрат метр кўпроқ майдон ажратилмоқда. Агар кимдир уйи учун товон пули олишни истаса, шу ернинг ўзида ташкил этилган штабда банк ва хусусий баҳолаш агентлиги ходимлари томонидан масала тезкор ҳал этилади.
Умуман олганда, реновация дастури мулкдорларга замонавий уй-жойлар тақдим этиш билан бирга, йиллар давомида йиғилиб қолган қатор муаммоларга ҳам ечим бўлмоқда.
Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов,
Улуғбек Тўхтаев, ЎзА