Тошкентда дунёнинг энг кучли стол теннисчилари аниқланади
Ўзбекистонда илк бор ўтказиладиган Осиё стол тенниси чемпионатига тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда.
Шу кунларда 19–25 октябрь кунлари пойтахтимизда илк бор ўтказиладиган 29-ITTF–ATTU Осиё стол тенниси чемпионатини юқори савияда ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳлар томонидан ташкилий тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Мусобақани ўтказиш, спортчилар ва делегацияларни кутиб олиш, ҳакамлик, медиа, логистика ҳамда бошқа муҳим йўналишлар бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон стол тенниси федерациясида Осиё чемпионати арафасида халқаро мутахассислар иштирокида ITTF ҳакамлик бўйича махсус курслар давом этмоқда.

Мазкур курслар ўзбекистонлик ҳакамларнинг халқаро миқёсдаги билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда уларнинг халқаро сертификатга эга бўлишлари учун муҳим имконият саналади.

Курслар якунлари бўйича мамлакатимизнинг бир қатор стол тенниси ҳакамлари халқаро даражадаги сертификатларни қўлга киритиш имкониятига эга бўлади. Бу эса Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида халқаро даражадаги энг кўп сертификатланган стол тенниси ҳакамларига эга давлатлардан бирига айланишига зарур шарт-шароит яратади.
Дунёнинг энг кучли кичик ракетка усталари иштирок этадиган дунё биринчилигида муносиб иштирок этиш учун Ўзбекистон терма жамоаси тайёргарлик машғулотларини давом эттирмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА