Тошкентда бокс бўйича жаҳон кубогининг финал босқичи старт олади
Бугун, 28 ноябрь куни пойтахтимизда катталар ўртасида бокс бўйича жаҳон кубогининг финал босқичи бошланади.
World Boxing ташкилоти тақвимидан ўрин олган мазкур мусобақада 30 та мамлакатдан 132 нафар боксчи — 68 нафар эркак ва 64 нафар аёл спортчи ғолиблик учун рингга кўтарилади. Мусобақа старт олиши арафасида жаҳон кубогининг расмий очилиш маросими ташкил этилди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов ҳамда World Boxing ташкилоти президенти Геннадий Головкин очиб бериб, иштирокчиларга омад тилади.
Маросимда, шунингдек, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Осиё олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Asian Boxing ташкилоти вице-президенти Сакен Полатов ҳамда федерация бош котиби, World Boxing ташкилоти вице-президенти Миршоҳид Тиллабоев иштирок этди.

Кўтаринки руҳда ўтган кеча миллий санъатимиз намуналари ва мусиқий чиқишларга бой бўлди.
Бугун мусобақанинг биринчи кунида эркаклар ўртасида 50, 65 ва 85 килограмм, аёллар ўртасида эса 51 ва 57 килограмм вазн тоифаларида жанглар ўтказилади.
Кун давомида Ўзбекистон терма жамоасининг беш нафар вакили рингга кўтарилади. Жумладан, Шодиёржон Меликўзиев 50 килограмм вазнда қозоғистонлик Даниял Сабит, Феруза Қозоқова 51 килограмм вазнда япониялик Юна Нишинака, Хуморабону Мамажонова 57 килограмм вазнда россиялик Людмила Воронцова, Норбек Абдуллаев 85 килограмм вазнда россиялик Идар Занилов ҳамда Абдураҳмон Маҳмуджонов 65 килограмм вазнда таиландлик Бунжонг Синсирига қарши баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА