Тошкентда бокс бўйича Осиё чемпионати старт олди
Фоторепортаж
Аввал хабар берганимиздек, кеча пойтахтимиздаги «Универсал спорт саройи»да 22 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида бокс бўйича қитъа биринчилиги старт олди.
Мусобақалар олдидан Осиё чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Халқаро бокс ассоциацияси президенти Умар Кремльёв, Осиё бокс конфедерацияси президенти Анас Алотаиба, МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов сўз олиб, бугунги мураккаб эпидемиологик вазиятга қарамай мусобақани ташкил этишда ҳар томонлама ёрдам берган ҳукуматимизга миннатдорчилик билдириб, иштирокчиларга омад тилаб ўтдилар. Шунингдек, тадбирда Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда МОҚ мутасаддилари ҳам иштирок этди.
Очилиш маросимида санъатимизнинг таниқли вакиллари куй-қўшиқлари, рақслари билан йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Маросим якунига етгач, беллашувлар бошланди.
-67 кг.вазн тоифасида Жавлонбек Йўлдошев боксчиларимиз орасида биринчи бўлиб рингга кўтарилди. Саудиялик рақибига қарши жанг қилган Жавлонбек мухлисларимизга чиройли ғалаба тақдим қилди ва кейинги даврага йўл олди.
Яна бир эътиборли жиҳат, ўзбекистонлик мутахассислар Владимир Шин ва Рустам Саидов хорижий терма жамоалар мураббийи сифатида Осиё чемпионатига келишган. Владимир Шин Япония терма жамоасини бир неча йиллардан буён бошқараётган бўлса, Олимпия ўйинлари совриндори Рустам Саидов Малайзия терма жамоаси устози сифатида фаолият олиб бормоқда.
Осиё чемпионати баҳслари бугун соат 16:00 да давом эттирилади.
[gallery-5541]
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА