Тошкентда 2,4 миллиард сўмлик ноқонуний газ истеъмоли аниқланди
Мамлакатимизда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, табиий газни талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда қонунбузилишларга қарши курашишга қаратилган назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг маълум қилишича, навбатдаги шу каби назорат тадбири Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида ташкил этилди.
Рейд давомида фуқаро Г.Ш.га тегишли умумий овқатланиш шохобчаси ва новвойхона фаолияти ўрганилди. Текширув жараёнида мазкур объект аввал табиий газ тармоғидан узиб қўйилган бўлишига қарамасдан, истеъмолчи томонидан ўзбошимчалик билан қайта уланиб олингани аниқланди.
Шунингдек, объектга ўрнатилган газ ҳисоблаш ускунаси сунъий равишда носоз ҳолатга келтирилгани ҳамда ундаги бир марталик тамғага ташқи таъсир кўрсатилгани маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан мутахассислар томонидан тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, 2 миллиард 463 миллион сўмлик етказилган зарар миқдори ҳисобланди. Тўпланган ҳужжатлар эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА