Тошкент вилоятининг ибратли оилалари аниқланди
15 май – Халқаро оила куни муносабати билан Олмалиқ шаҳрида "Фаровон оила сари" шиори остида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тошкент вилояти ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ташаббус жамиятимизнинг гўзал урф-одатлари, миллий қадриятларини ўзида акс эттирувчи оилавий анъаналарни яна бир бор тараннум этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
"Металлург" маданият саройида мазкур тадбир доирасида ўтказилган “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи ғолиблари тақдирланди.
Очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова сўзга чиқиб, барчани байрам билан табриклади.

Мазкур танлов учта шарт асосида ташкил этилди. Вилоят босқичи ғолибларига эсдалик совғалари ва пул мукофотлари берилди. Танловда Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи Ҳакимжон Жуманазаровлар оиласи ғолиб бўлди. Шу билан бирга, ташкилотчилар томонидан маҳаллаларда барчага ибрат кўрсатаётган нуроний отахон ва онахонларга “Олтин тўй", "Кумуш тўй”лари муносабати билан эсдалик совғалари топширилди. Хотин-қизлар иштирокида ташкил этилган веломарафон пойгаси қатнашчилари финиш чизиғида тантанали кутиб олинди.

Санъат жамоалари иштирокидаги концерт дастури томошабинларга байрамона кайфият улашди.
А.Мусаев, ЎзА