Тошкент вилоятида "Мис кластери" ташкил этилади
Маълумотларга кўра, глобал яшил иқтисодиётнинг жадал ривожланиши, қайта тикланадиган энергия манбалари ва электромобиллар ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши туфайли 2030 йилга келиб жаҳонда мисга бўлган талаб 40 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Шу алоҳида эътиборга олиб Президентимизнинг жорий йил 24 июндаги “Мис ва ноёб металлар хомашёсини қайта ишлашнинг технология занжирларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси юзасидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида "Мис кластери" ташкил этилмоқда.
Хусусан, вилоят ҳокими қарори асосида “Ohangaron Tech Industrial” технопаркини бошқариш дирекцияси ДУК ташкил этилиб, мазкур кластер учун қишлоқ хўжалиги ерларидан 138 гектар ер майдони ажратилди. Мис ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида янги ташкил этилаётган "Мис кластери"нинг умумий қиймати 118 миллион доллар бўлиб, 9 та янги лойиҳа доирасида йиллик қуввати 54 минг тонна мисни қайта ишлаш имконияти яратилади.
Бугунги кунда мисдан саноатнинг турли тармоқларида ишлатиш учун қувурларни, турли хилдаги кабель, SIM ва банк карталари ва электроника маҳсулотлари тайёрланади. Янги лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида маҳсулот экспорт ҳажми 200 миллион долларни ташкил этиб, 1000 га яқин иш ўрни яратилади.
А.Мусаев,ЎзА