Тошкент вилоятида ғалла ўрими бошланди
Тошкент вилоятида ҳам ғалла ўрим-йиғимига уюшқоқлик билан киришилди.
Шу муносабат билан Бекобод туманида ташкил этилган амалий семинарда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, вилоят ва туман секторлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги вакиллари, кластер ва фермер хўжаликлари ходимлари ҳамда жойларда ташкил этилган отряд аъзолари қатнашди.

Дастлаб ўтган йилги натижалар сарҳисоб қилинди. Мавжуд муаммоларни бартараф қилиш борасида сўз юритилди. Хусусан, ғалла режасини бажармаган айрим фермер хўжаликлари билан ер ижара шартномасини бекор қилиш лозимлиги уқтирилди.
Бу йилги ҳосил учун эса жами 103 минг гектар майдонда ғалла парваришланган бўлиб, 1 миллион тоннага яқин ҳосилни ўриб олиш режа қилиняпти.

Мавсумга 301 та ўриш комбайни шай ҳолатга келтирилди. 301 та отряд шакллантирилиб, 11 та дон қабул қилиш шохобчасида 24 соатлик иш режими ташкил қилинди. Техникаларнинг эҳтиёт қисмлари, ёқилғи билан боғлиқ масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Техникалар мавсум олдидан техник кўрикдан ўтказилиб, ёнғинга қарши воситалар билан жиҳозланди. Отряд аъзоларининг фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш, хавфсизлик бўйича билим ва кўникмалари синалди.

Ўрта Чирчиқ туманида ғалла ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилди. Ҳудуддаги 10 минг гектар майдонда парваришланган ғалла ҳосилини йиғиштириб олиш учун 36 та комбайн, 90 дан зиёд буғдой ташувчи техника шай ҳолатга келтирилган. Айни пайтда ҳудуддаги 180 дан ортиқ фермер хўжалигида 36 минг тонна ғалла ҳосилини йиғиб олиш режалаштирилмоқда.

– Мавсумда иш 30 та отрядга бўлинган ҳолда олиб борилади, – дейди Ўрта Чирчиқ тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Беҳзод Явгашев. – Техникалар ва улардаги бирламчи ёнғин ўчириш воситаларининг созлиги, тўлиқ таъмирлангани туман фавқулодда вазиятлар хизмати мутахассислари томонидан кўздан кечирилди. Комбайн операторлари билан йўриқнома ўтказилиб, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш бўйича тушунчалар берилди. Ўрим пайтида мавсум қатнашчиларига қулайлик яратиш мақсадида штаб ташкил қилиниб, уларга дала майдонида овқатланиш учун шароит ҳам яратилган. Бундан ташқари, вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида дала майдонида носоз ҳолатга келган техникаларга хизмат кўрсатувчи кўчма устахона фаолияти йўлга қўйилди.
Комбайн операторларини рағбатлантириш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан уларга озиқ-овқат маҳсулотлари олиб берилди.Фермер хўжаликлари эса уларнинг пластик карталарига 3 миллион сўмдан маблағ ўтказди. Шу билан бирга, ҳосилни ташишга жалб қилинган юк ташувчи техникаларнинг ҳайдовчиларига мунтазам иш ҳақи тўланиши режалаштирилган.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири