Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
21-май – Кутубхоначилар куни муносабати билан Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан вилоятда намунали фаолият юритаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари тақдирланди.
Тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг масъул ходимлари, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутасаддилари, тегишли соҳа раҳбарлари, мактаб директорлари ҳамда кутубхоначилар иштирок этди. Тадбирда вилоятда самарали фаолият олиб бораётган кутубхоначилар муносиб эътироф этилди.
Жумладан, Паркент туманидаги 16-мактаб кутубхона мудири “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, 6 нафар кутубхоначи вазир ташаккурномасига сазовор бўлди. Бундан ташқари, 44 нафар кутубхона мудири ҳамда 6 нафар дарсликлар бўйича методистларга бошқарма бошлиғининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

***
Тошкент вилояти ҳокими томонидан тасдиқланган режа асосида “Судлар билан ҳамкорлик дастури” доирасида Янгийўл туманида ажрим ёқасига келиб қолган оилалар ҳамда хотин-қизлар мурожаатларини ўрганишга қаратилган навбатдаги сайёр қабуллар ташкил этилди.
Қабуллар жараёнида 30 га яқин низоли оилаларнинг муаммолари атрофлича ўрганилиб, шундан 3 та оила яраштирилди. Қолган оилаларга эса оилани сақлаб қолиш, соғлом муҳитни тиклаш ва ўзаро келишувга эришиш бўйича ҳуқуқий ҳамда маънавий тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, Янгийўл тумани Қўшёғоч маҳалласида хотин-қизларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳам сайёр қабул ўтказилди. Унда бандлик, тадбиркорлик, ижтимоий ёрдам, соғлиқни сақлаш ва бошқа йўналишлар бўйича мурожаатлар тингланди.
Ҳар бир мурожаат юзасидан масъуллар томонидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Айрим масалалар жойида ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар тегишли ташкилотларга бириктирилди.


***
Тошкент вилояти прокурори ўринбосари Х.Бўриев раҳбарлигида камбағалликни қисқартириш, “Ижтимоий реестр” тизими фаолияти ҳамда аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Унда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси, Маҳаллалар уюшмаси ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармалари раҳбарлари, шунингдек, ВКС орқали туман-шаҳар бўлимлари масъул ходимлари иштирок этди. Йиғилишда 2025 йилда “Камбағалликдан – фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, 22,7 минг оила камбағалликдан чиқарилгани қайд этилди.


Шунингдек, айрим раҳбарлар томонидан камбағал оилалар билан ишлашда масъулиятсизликка йўл қўйилгани танқид қилиниб, 191 нафар масъулга нисбатан таъсир чоралари кўрилгани маълум қилинди. 2026 йилда 21,4 минг оилани камбағалликдан чиқариш, аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
А.Мусаев, ЎзА.