Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида 3,4 триллион сўм божхона тўловлари ҳисобланди. 1,3 триллион сўм имтиёзлар тадбиркорларга тақдим этилди, 2,1 триллион сўм давлат бюджетига ўтказилди.
Шу билан бирга, божхона постлари орқали 649 миллион АҚШ долларидан ортиқ товарлар экспорт қилинди.
Қонунбузарликларга қарши амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида 134,6 килограмм гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. 42,1 миллиард сўмлик ноқонуний товарлар фош этилди. Шунингдек, 36 минг 283 қути ноқонуний тамаки маҳсулотлари аниқланди, 3,4 миллиард сўмлик сифатсиз дори воситалари айланмадан чиқарилди.
***
Президентимиз томонидан миллий бойлигимиз ҳисобланган пиллачилик соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишда муҳим қарорлар қабул қилинмоқда. Улар ижроси бўйича ҳудудларда амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Бекобод туманида янги мавсум бошланиши муносабати билан пилла қутилари маҳаллалар кесимида аҳолига тарқатилмоқда. Жараёнда туман Маҳаллалар уюшмаси раҳбари Й.Мўминова иштирок этиб, маҳалла “еттилиги”га ишсиз фуқароларни кенг жалб қилиш, ушбу фаолият орқали оилаларга қўшимча даромад манбаи яратиш юзасидан тушунтиришлар берди.
Пиллачилик бўйича масъулларнинг маълум қилишича, жорий мавсумда ҳудуд бўйича 4 минг 180 та қути пилла қурти тарқатилиб, режа асосида 252 тонна ипак хомашёси етиштирилиши кутилмоқда.
***
Оққўрғон туманида йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз ҳаракат шароитларини яратиш изчил давом этмоқда.
Хусусан, туман марказини Олимкент ҳудуди билан боғловчи асосий йўлда асфальтлаш жараёни бошлаб юборилди. Айни пайтда ушбу йўналишда “Гулистон” ва “Ёшлик” МФЙ ҳудудларида ишлар жадал суръатларда олиб борилиб, йўлнинг сифатли ва замонавий талабларга мос ҳолда барпо этилиши таъминланмоқда.
Мазкур йўлларнинг таъмирланиши ҳудуддаги транспорт ҳаракатини енгиллаштириш, аҳолининг кундалик қатновини қулайлаштириш ҳамда иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилади. Олиб борилаётган бундай бунёдкорлик ишлари ҳудуд бўйлаб мунтазам давом этади.
А.Мусаев,ЎзА.