Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилоят божхона бошқармаси “Ойбек” чегара божхона пости орқали пиёда тарзда чиқиб кетаётган фуқаронинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганида йўловчининг сумкасида божхона декларациясида кўрсатилмаган жами 410 минг Россия рубли ва 4 минг 870 евро борлиги аниқланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 66-сонли қарорига мувофиқ фуқарога 4 минг 870 евро ва 190 минг Россия рубли қайтариб берилди, қолган 220 минг Россия рубли эса ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинди.

“Навоий” чегара божхона постида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилди. Қўшни давлатга чиқиб кетаётган йўловчи шахсий кўрикдан ўтказилди. Фуқаро шахсий кўрикдан ўтказилганда қорин қисмида шим ичига яширилган, оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва божхона декларациясида кўрсатилмаган 630 минг Россия рубли нақд хорижий валютаси борлиги аниқланди.
Ҳозир мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
***
Тошкент вилоятида ҳаво сифатини яхшилаш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида сунъий ёмғир ёғдириш лойиҳаси амалга оширилади.

Бунинг учун 2027 йил 1 октябргача ҳудудда зарур ускуналар ўрнатилиб, тизим босқичма-босқич ишга туширилади. Лойиҳанинг илк босқичида Бўстонлиқ тумани Писком тоғ дарасида жорий йил давомида 3–5 та пилот тажриба ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур ташаббус “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Унинг натижасида ҳудудда ҳаво ифлосланишини камайтириш, иқлим шароитини яхшилаш ва аҳоли учун қулай экологик муҳит яратишга хизмат қилади.
***
Тошкент туманида истиқомат қилувчи Абдуллаевлар хонадонида 2 нафар ўғил ва 2 нафар қиз дунёга келди. Она кесарево кесиш амалиёти орқали туғдирилди. Операция муваффақиятли ўтди.

Эгизакларнинг вазни 1 минг 400 граммдан 1 минг 800 граммгача бўлиб, ҳозир она ва чақалоқларнинг умумий аҳволи қониқарли. Улар шифокорлар назорати остида зарур муолажаларни олмоқда.
А. Мусаев, ЎзА