Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Қибрай тумани Бўзсув соҳилидаги сўлим масканда Нуронийлар маркази фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, туман фаоллари, нуронийлар ва ёшлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Барча биргаликда бинода яратилган шароитлар билан танишди.
Маскан тўлиқ ҳомийлик асосида қайта бунёд этилиб, нуронийлар учун барча шароитларга эга манзилга айланди. Хусусан, тренажёр зали, кутубхона, маърифат хонаси, ошхона, "Бувижонлар мактаби" ва маслаҳат-анжуманлар зали кексалар ихтиёрида. Нуроний жамғармаси туман бўлими бошқаруви ҳам айнан шу мажмуага жойлаштирилди. Айни пайтда вилоятнинг 22 та ҳудудида мана шундай Нуронийлар маскани ишлаб турибди.

***
Тошкент вилоят прокуратураси томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар доимий назоратга олинган.
Хусусан, жойларда экилган дарахтларни мунтазам суғориш тизимини такомиллаштириш, жумладан, сув тежамкор технологиялардан самарали фойдаланиш мақсадида А-373 халқаро автомобиль йўлининг Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтган 21-45 километр қисмида жами 20 та тик қудуқ қазиш ҳамда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш ишлари жойига чиқиб ўрганилди.
Унда масъул ташкилотларга қудуқларни белгиланган муддатларда сифатли тарзда фойдаланишга топшириш, шунингдек, томчилатиб суғориш тизимини тўлиқ ва самарали йўлга қўйиш орқали суғориш самарадорлигини ошириш юзасидан аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.


***
Оҳангарон туманида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган навбатдаги муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Унда тумани ҳокимлиги, Бошқарув самарадорлиги агентлиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси вакиллари, шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг нуфузли агросаноат холдинг “Anyou Biotechnology Group” компанияси вакиллари қатнашди.
Томонлар ўртасида Оҳангарон тумани ҳудудида балиқчиликка ихтисослашган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масалалари юзасидан дастлабки музокаралар олиб борилди. Лойиҳа доирасида замонавий технологияларни жорий этиш, юқори самарадорликка эришиш ҳамда соҳада янги иш ўринлари яратиш каби масалалар муҳокама марказида бўлди.


Хорижлик ҳамкорлар ҳам Оҳангарон туманида мазкур лойиҳани амалга оширишга қизиқиш билдириб, ўз тажрибаси ва технологияларини жорий этиш орқали ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини таъкидлади. Якунда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ва амалий ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олиш бўйича келишувга эришилди.
А. Мусаев, ЎзА