Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ўрта Чирчиқ туманида “Наврўзни улуғлаш инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғоя остида кенг нишонланган байрам ҳудуд аҳолисига хуш кайфият бағишлади. Мазкур айём арафасида ҳудуд ободонлаштирилиб, атрофда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Маҳаллалар, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончалари обод қилинди. Тураржой мавзелари ва кўчалар атрофига мевали-манзарали ниҳоллар ва гул кўчатлари экиш, дарахтларни оқлаш ва шакл бериш ишлари амалга оширилди. Туман маркази сайил муносабати билан “Наврўзи олам муборак!”, “Хуш келдинг юртимга, Наврўз!” каби шиорлар, баҳорий гуллар билан безатилди. Асосий майдон атрофига дастурхонлар ёзилди. Дошқозонларда миллий таомлардан сумалак, палов тайёрланди. Шу билан бирга, кўк сомса, чучвара ва бошқа миллий таомлар тайёрланиб, барчага тарқатилди.


Тадбирда туман ҳокими И.Қосимов, ҳудуд фаоллари ва фахрийлар билан бирга барчани қутлаб, самимий тилакларини билдирди. Шу ерда аҳоли билан самимий суҳбат қилинди. Бу йилги сайилда халқ амалий санъати намуналари, хусусан, миллий кийимлар, миллий урф-одат ва анъаналарга алоҳида эътибор қаратилди. Машҳур санъаткорлар ва бадиий жамоаларнинг концерт дастури намойиш этилди.
***
Тошкент вилоят божхона бошқармасининг “Ойбек” чегара божхона пости ходимлари томонидан қўшни давлатдан юртимизга пиёда кириб келган чет эл фуқароси текширувдан ўтказилди.


Божхона кўздан кечируви жараёнида унинг қўл юклари текширилганда, сумкасидаги конфетлар орасига, шу конфет қоғозларига яширилган ҳолда, оғзаки сўровда маълум қилинмаган ҳамда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган 145,54 грамм заргарлик буюмлари борлиги аниқланди. Маълум бўлишича, ушбу заргарлик буюмлари қайта сотиш мақсадида олиб кирилаётган бўлган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур заргарлик буюмларининг қиймати 162 миллион сўмни ташкил этади. Ҳозир ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
***
Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда инклюзив муҳитни кенгайтиришга қаратилган “VoiceUp – 2026” инклюзив ёшлар оромгоҳининг Тошкент вилоят босқичи бошланди.

Лойиҳа доирасида иштирокчилар дастлаб Юқори Чирчиқ туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида бўлиб, бу ерда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар билан яқиндан танишди. Шундан сўнг улар Паркент туманининг сўлим маскани Кумушкон қишлоғида жойлашган меҳмонхонага жойлаштирилди. Айни пайтда оромгоҳ доирасида бола ҳуқуқлари кафолатлари мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтмоқда.

Иштирокчиларнинг таъкидлашича, оромгоҳ нафақат билим ва кўникмаларни ошириш, балки янги дўстлар орттириш учун ҳам муҳим майдон бўлмоқда. Айтиш жоизки, “VoiceUp – 2026” лойиҳаси турли имкониятларга эга бўлган ёшларни бирлаштириш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
А.Мусаев,ЎзА