Тошкент вилояти: қишга тайёргарлик
Совуқ кунлар яқинлашавергани сари жойларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бошланади. Вақт ғанимат. Айниқса, коммунал тизим тармоқларида барча носозликларни аниқлаш ва бартараф этиш, олдинда турган мавсумни беташвиш ўтказиш муҳимдир.
Шу мақсадда истеъмолчиларни мунтазам равишда табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлашда “Ҳудудгаз Тошкент” ГТФ томонидан Тошкент вилоятидаги 639 минг 734 та аҳоли хонадонларига табиий газ етказиб берилмоқда. Жойларга табиий газни бир меъёрда ҳамда беталофот етказиш бўйича филиал томонидан 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бошланган. Жорий йилда туман-шаҳарлардаги 8 минг 886 дона газ тақсимлаш қурилмасини техник тафтишдан ўтказиш, 25 дона газ тақсимлаш қурилмасини мукаммал таъмирлаш, 851 километр газ қувурларини тартибга келтириш ҳамда бўёқлаш, шунингдек, 962 километр ер ости газ қувурларини махсус асбоблар ёрдамида текшириш, 2731 километр газ қувурларини босим остида синаш ва тозалаш ишлари режалаштирилган эди.

Хусусан, 1 сентябр ҳолатига кўра, 6 минг 315 дона ГТҚ (газ тақсимлаш қурилмаси) техник тафтишдан ўтказилди. Бу йиллик режага нисбатан 72 фоизга иш охирига етказилди деганидир. Бундан ташқари, 730,9 километр газ қувурлари махсус асбоблар ёрдамида текширилди ва йиллик режага нисбатан ишлар 76 фоизга якунланди. Айниқса, айрим газ қувурлари ҳаво босими остида текширилиб, қайтадан тозаланмоқда. Бу орқали келгусида содир бўлиши мумкин бўлган авария ҳолатлари олди олинади. Шу билан бирга, ишчилар томонидан газ қувурлари мос рангларга бўёқланмоқда. Барча ҳудудларда бу борадаги ишлар давом этмоқда. Ўз навбатида истеъмолчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида аҳоли энди белгиланган муддатда ўз ID -карталари орқали бир ойда икки маротаба суюлтирилган газ олиши мумкин. Бу жараёнда суюлтирилган газ ташиш транспорт воситалари техник хавфсизлиги таъминланаётир. Маиший баллонларнинг яроқлилиги назорат қилинмоқда.
А.Мусаев,
ЎзА.