Тошкент вилояти: энг муносиблар сайланади
Мамлакатимизда муҳим ижтимоий-сиёсий жараён фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бошланди.
Тошкент вилоятида мазкур сайловда 1 минг 20 та маҳаллада раис сайланади. Жойларда сайловлар 16 майдан 10 июнга қадар ҳудудлар кесимида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида” ги қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлар ташкил этилмоқда. Асосий эътибор, жойларда сайловни ўтказишда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, сайлов ўтказиладиган жойларда тиббий хизмат кўрсатилишини самарали ташкил этиш, санитария-гигиена талаблари ва карантин қоидаларига риоя қилинишидир. Бу жараёнга масъул сифатида ташкил этилган комиссия мунтазам фаолият олиб борадиган вилоят штабини ташкил этилган.

Бугун эрта тонгдан Пискент тумани 1-сектор ҳудудидаги Файзобод маҳалласида ҳам фуқаролар йиғини раиси сайлови уюшқоқлик билан ташкил этилди. Фуқаролар ўз маҳалласи келажагига дахлдорлик ҳисси билан фаол иштирок этмоқда.
Сайлов давлат мадҳияси билан бошланди. Сўнгра ишчи гуруҳ масъуллари ҳуқуқий демократик жамият қуришда сайловнинг аҳамияти тўғрисида сўзлади. Раисликка номзодлар ўз сайловолди дастурларини тақдим этгач, фуқаролар ўзлари учун энг мақбул номзодга овоз берди.
Зангиота туманидаги "Мевазор" маҳалласида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови кўтаринки руҳда ўтказилди.

Маданият бўлими ходимларининг қўшиқ ва рақслари эса Файзобод маҳалласи ҳаётидаги муҳим воқеанинг янада файзли ўтишини таъминлади. Унда жами 46 та кўчадан 290 нафар вакил иштирок этиши кутилган бўлиб, уларнинг 236 нафари сайловда қатнашди. Аввалги сайловлардан фарқли равишда маҳаллалардаги бу галги сайлов ёпиқ овоз бериш орқали ўтиб, фуқароларнинг эмин-эркин ўз танловини амалга оширишга имконияти кенгайтирилди. Сайлов участкасида бунинг учун барча шароит яратилди.

Сайловлар белгиланган график асосида барча ҳудудларда давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА