Тошкент вилояти делегацияси Польшада
Шу кунларда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация, бир гуруҳ тадбиркорлар Польша Республикаси пойтахти Варшава шаҳрида бўлиб турибди.
Дастлаб делегация вакиллари ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган ўзбек-поляк иқтисодий форумида иштирок этди. Унда мамлакатлараро ва миллатлараро ҳамкорликнинг шонли тарихи, ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтариш борасида сўз борди.



Зойир Мирзаевнинг Польшанинг Мазовия провинцияси раҳбари Адам Струзик билан тор доирадаги мулоқоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Польшадаги
Фавқулодда ва мухтор элчиси Амирсаид Агзамходжаев ҳам иштирок этди. Томонлар ўзаро алоқаларни тубдан яхшилаш борасида икки томонлама манфаатли таклифлар борасида ҳамфикр эканлигини билдирди.



Тошкент вилояти делегацияси польшалик маҳаллий тадбиркорлар билан бир қатор самарали мулоқот, музокара олиб борди. Ўзбек-поляк иқтисодий форумидан сўнг В2В, G2B форматда икки томонлама музокаралар ўтказилди. Келгусида ишлаб чиқариш тармоқларининг турли йўналишларида Тошкент вилоятига ҳам инвестиция жалб қилиш борасида келишиб олинди.


Зойир Мирзаев Польшадаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ватандошларимиз билан суҳбатлашди. Унда тадбиркорликни янада ривожлантириш, Ўзбекистон билан иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш ва кичик бизнес субъектларини қийнаётган бир қатор масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар тингланди.
А.Мусаев,ЎзА мухбири