Тошкент ва Пекин темир йўл соҳасида илмий ҳамкорлик ўрнатади
Тошкент давлат транспорт университети ва Хитой Темир йўл илмий-тадқиқот академияси темир йўл соҳасида қўшма илмий лойиҳалар бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Соҳада илмий салоҳиятни юксалтириш, илғор хорижий технологияни амалиётга жорий этиш мақсадида Тошкент давлат транспорт университети ҳамда Хитой Халқ Республикаси Темир йўл илмий-тадқиқот академияси ўртасида стратегик ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Онлайн шаклда ташкил этилган учрашувда томонлар темир йўл транспорти йўналишида қўшма илмий лойиҳалар амалга ошириш, тадқиқот ишларини ривожлантириш ҳамда мутахассислар ва олимлар алмашинувини йўлга қўйиш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Музокара якунида имзоланган ушбу ҳужжат икки томонлама алоқани янги босқичга олиб чиқиш баробарида замонавий илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади. Транспорт таълими ва илм-фан интеграциясини кучайтириш, соҳа учун халқаро тажрибага эга юқори малакали кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА