Тошкент ва Нурафшон ўртасида янги транспорт боғламаси: қатнов вақти ўн беш дақиқага қисқаради
Президент ташрифидан сўнг...
Глобал урбанизация асрида йирик шаҳарлар жиддий синовга дуч келмоқда, айрим кўчалар транспорт оқимини сиғдира олмай қолаяпти. Йўллардаги тирбандлик нафақат вақтни ўғирлайди, балки иқтисодиёт ва экологияга ҳам зарар етказади. Ушбу муаммони ҳал қилишда анъанавий чорраҳалардан кўра самаралироқ тизим – йўл ўтказгичлар муҳим роль ўйнайди.
Мамлакатимизда ушбу муаммонинг олдини олиш, транспорт оқимини тизимли бошқариш мақсадида замонавий йўл ўтказгичлар ва кўприклар бунёд этилмоқда.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Тошкент вилоятига ташрифи давомида А-373 ва Тошкент катта халқа йўллари кесишмасида барпо этилган янги йўл ўтказгич фаолияти билан танишди.
[gallery-30547]
Мазкур иншоот транспорт оқимини самарали ташкил этиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш, тирбандликларни камайтириш ҳамда Тошкент шаҳри билан Нурафшон ўртасидаги қатнов вақтини 10-15 дақиқага қисқартиришга хизмат қилади.
– Бектемир ва Ўрта Чирчиқ туманлари туташган ҳудудда 14,1 гектар майдонда барпо этилган лойиҳанинг қиймати 240 миллиард сўмни ташкил этди. Лойиҳада транспорт оқимини турли сатҳларда ташкил этишга қаратилган замонавий муҳандислик ечимлари қўлланилди, – деди “Кўприкқурилиш” акциядорлик жамияти раиси Зафар Маҳаматов. – Объект таркибида узунлиги 66 метр, кенглиги 46 метр бўлган кўприк, 450 метрлик ер ости автомобиль йўли, иккита ортга қайрилиш йўлаги, тўртта ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги ва 950 метрлик айлана ҳалқа йўли қурилди. Шунингдек, 9,5 километр пиёда ва велойўлаклар, саккизта жамоат транспорти бекати, 240 та ташқи ёритиш чироғи ҳамда 6 километр йўл тўсиқлари барпо этилди. Шунингдек, лойиҳа доирасида 7,5 гектар ер майдони ободонлаштирилиб, 938 дона бута ва 1440 дона дарахт экилди.
Янги объектнинг ишга туширилиши натижасида йўналишнинг кунлик ўтказувчанлик қуввати бир неча баробарга ошиб, 130 мингта автотранспорт воситасига етади. Бу эса пойтахт ва Тошкент вилояти ўртасидаги транспорт алоқаларини янада яхшилаш, тирбандликларни бартараф этиш ҳамда аҳоли учун қулай ҳаракатланиш шароитини яратишга хизмат қилади.
Давлат раҳбарига лойиҳанинг техник имкониятлари билан бир қаторда, истиқболда Тошкент–Нурафшон йўналишида тезюрар автобуслар тизимини (BRT) йўлга қўйиш режалари ҳақида ҳам ахборот берилди. Лойиҳага кўра, мазкур тезюрар автобуслар учун йўл ўртасида махсус алоҳида йўлаклар ажратилади. Йўналиш бўйлаб иқлим назорати тизимига эга 9 та ёпиқ бекат барпо этилиши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг оралиқ масофаси ўртача 2,9 километрни ташкил этади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинми, ушбу янги транспорт боғламаси шунчаки йўл инфратузилмаси объекти эмас, балки Тошкент шаҳри ва Нурафшон ўртасидаги иқтисодий ва ижтимоий кўприкдир. Қатнов вақтининг қисқариши ва кунлик ўтказувчанликнинг 130 мингта транспортга етиши аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилайди, вақтни тежайди ва иқтисодий фаолликни оширади. Келажакда истиқболли BRT тизимининг жорий этилиши эса ҳудудда экологик тоза ва замонавий жамоат транспорти ривожида янги даврни бошлаб беради.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат),
ЎзА