Тошкент “Uz Global Think” халқаро ватандошлар форумига мезбонлик қиляпти
Тошкент “Uz Global Think” халқаро форуми муносабати билан хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизни ягона мулоқот майдонига жамлади.
Анжуман Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита, Инвестициялар, саноат ва савдо ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, “Заковат” интеллектуал клуби, “Ватандошлар” жамоат фонди, Жаҳон Ўзбекистон ёшлари ассоциацияси каби қатор вазирлик, идоралар ҳамкорлигида ташкил этилган. Дастурга мувофиқ, бугун “Янги Ўзбекистон тараққиётида хориждаги ватандошларнинг илмий ва экспертлик салоҳияти” мавзусида ялпи мажлис бўлиб ўтди.
15 мамлакат бўйлаб илм-фан, таълим, иқтисодиёт, инновация, технология ва маданият соҳаларида салмоқли ютуққа эришган 40 нафар ватандошимиз иштирок этаётган тадбир давомида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, экология барқарорлигини таъминлаш, таълим сифатини ошириш ҳамда замонавий бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилиняпти.
Хусусан, чет элда фаолият юритаётган мутахассисларимиз билими ва тажрибасидан юрт манфаати йўлида самарали фойдаланиш, инвестиция ва замонавий технология трансферини рағбатлантириш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. шунингдек, янги иш ўринлари яратиш мақсадида истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва ватандошлар, давлат идоралари ҳамда бизнес ҳамжамияти ўртасида доимий ҳамкорлик платформасини йўлга қўйиш масалалари келишиб олинди.
Бундай форумлар хориждаги ватандошлар билан алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини Янги Ўзбекистон тараққиётига сафарбар этишда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-30929]
Фардона Яхшибоева,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА