Бугунги кунда ҳар қандай масала бўйича беминнат хизмат қиладиган, атрофдаги инсонларга, жамиятга астойдил ва ҳеч қандай моддий манфаатларсиз ёрдам берувчиларни волонтёр деб атаймиз. Дунё бўйлаб волонтёрлар роли муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, мамлакатимизда юздан ортиқ эркин волонтёрлик гуруҳлари мавжуд бўлиб, ҳар бири қидирув-қутқарув, табиатни муҳофаза қилиш, илмий изланишлар, ижтимоий кўмак каби турли йўналишларда фаолият олиб боради.
Илгари волонтёрлар учун форумлар фақат республика даражасида ташкил этилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сафи кенгайиши натижасида ҳудудларда ҳам амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳар Ёшлар марказида “Тошкент ёшларни севади!” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳар волонтёрлар форуми ўтказилди.
Унда пойтахтдаги волонтёрлик гуруҳи раҳбарлари, ёшлар етакчилари, турли йўналишларда фаолият олиб борадиган 600 нафар фаол волонтёр иштирок этди.
Форум давомида юртимизда волонтёрлар сафини ошириш ва волонтёрлик гуруҳларини ривожлантириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга, волонтёр бўлиш истагидаги ёшларга қонунчиликда белгиланган тартибда билим ва кўникмалар бериш каби масалалар муҳокама қилинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА