Тошкент: Ўсимлик кимёси 70 йиллиги — дори яратишнинг янги даври
Бир дона хапдори ортида ўнлаб йиллик изланишлар ётади. Тошкентда бошланган халқаро анжуман ўсимлик моддаларини дорига айлантириш сирларини муҳокама қилмоқда. 70 йиллик тарихга эга институт илм ва тиббиёт кўпригини мустаҳкамлайди.
Дори қутисидаги битта хапдори ортида баъзан ўнлаб йиллик илмий изланишлар, минглаб ўсимлик намуналари ва лабораторияда ўрганилган юзлаб табиий бирикмалар туради. Тошкентда бугун бошланган халқаро конференцияда эса ана шу жараён — ўсимлик таркибидаги моддани аниқлашдан тортиб, уни дори воситасига айлантиришгача бўлган мураккаб йўл муҳокама қилинди. Бу жараённинг марказида турган Ўсимлик моддалари кимёси институти эса бу йил 70 йиллигини нишонламоқда.
Тошкентда 7 октябрь куни «Биологик фаол бирикмалар: кимёдан тиббиётгача» мавзусидаги XVI халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади. Ўзбекистон Фанлар академиясининг С.Й.Юнусов номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институти ташкил этилганининг 70 йиллигига бағишланган анжуман 9 октябрга қадар давом этади. Мазкур анжуманнинг ўзига хос жиҳати, унда гап фақат кимёвий моддалар ҳақида эмас. Асосий эътибор табиий бирикмаларни аниқлаш, уларнинг организмга таъсирини ўрганиш ва илмий натижани тиббиётда қўлланиши мумкин бўлган маҳсулотга айлантириш масалаларига қаратилган.
Конференцияда 15 дан ортиқ давлатдан 107 нафар хорижий эксперт ва олим иштирок этмоқда. Бу эса Ўзбекистонда ўсимликлар кимёси бўйича шаклланган илмий мактабнинг халқаро миқёсдаги алоқалари кенгайиб бораётганини кўрсатади.
[gallery-31817]
Хўш, 70 йилда лабораториядан қандай натижалар чиқди? Бу юзасидан маълумот берилишича, институт олимлари томонидан ўтган давр мобайнида 5000 дан ортиқ янги табиий бирикма ажратиб олиниб, 3500 дан ортиғининг тузилиши аниқланган, 10 мингдан ортиқ бирикма синтез қилиниб, 60 дан ортиқ асл дори воситаси амалиётга татбиқ этилган.
Шу ўринда савол туғилади, ўсимлик ташқи кўриниши билан оддий бўлиши мумкин, аммо унинг таркибида инсон организмига таъсир қиладиган юзлаб моддалар бўлади. Кимёшунос учун ўсимликнинг қайси қисмида “қимматли” молекула борлигини қандай аниқлайди? Ва, уни оддий моддалар орасидан ажратиб олиш қанчалик мураккаб?
Бу юзасидан Ўсимлик моддалари кимёси институти илмий котиби, техника фанлари доктори — Мунирахон Маматханованинг таъкидлашича, ўсимликнинг фақат илдизи ёки баргигина эмас, унинг ҳар бир қисми биологик фаол моддалар манбаи бўлиши мумкин.
Керакли бирикмалар махсус экстракция усулида ажратиб олиниб, замонавий аналитик ва физик-кимёвий усуллар ёрдамида таркиби ҳамда кимёвий тузилиши аниқланади. Бироқ бу жараёнда ўсимликнинг қаерда ўсгани ва қайси фаслда йиғилгани ҳам муҳим: бир хил ўсимлик турининг турли ҳудудларда ёки турли мавсумлардаги кимёвий таркиби ва биологик фаол моддалар таркиби ҳамда миқдори бир-биридан фарқ қилиши мумкин.
Анжуман дастурида табиий бирикмалар кимёси билан бир қаторда тиббиёт учун долзарб бўлган йўналишлар ҳам алоҳида ўрин олган. Хусусан, юрак-қон томир ва мия-қон томир касалликларининг олдини олиш, нейродегенератив касалликларга қарши янги воситалар излаш ҳамда Марказий Осиё минтақасига хос касалликлар бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда. Конференциянинг яна бир алоҳида шўбаси “Аллапинин” антиаритмик препаратининг 40 йиллик қўлланилишига бағишланган.
Бундан ташқари, институт бугун фақат илмий тадқиқотлар олиб бориладиган муассаса сифатида эмас, балки илмий ишланмани ишлаб чиқаришга яқинлаштирувчи марказ сифатида ҳам ривожланмоқда. Маълумотларга кўра, бу ерда Марказий Осиёда ягона бўлган, халқаро стандартларга жавоб берувчи дори субстанцияларини тажриба-саноат миқёсида ишлаб чиқариш маркази фаолият юритмоқда.
Айни вақтда фармацевтика компанияларига 20 дан ортиқ биологик фаол субстанция етказиб берилмоқда. Институт ишланмалари орасида “Аллапинин”, “Экдистен”, “Галантамин” каби препаратлар, шунингдек, Францияда косметик хомашё сифатида қўлланадиган “Жистенин” ҳам тилга олинмоқда. Тадқиқотларнинг якуний нуқтаси эса илмий мақола билан тугаб қолмайди, унинг кейинги манзили албатта фармацевтика, тиббиёт ва саноат бўлади.
Институтда замонавий аналитик технологиялар ҳам жорий қилинмоқда. Бундай технологиялар мураккаб молекулаларнинг тузилишини чуқурроқ ўрганиш, янги табиий бирикмаларни аниқлаш ва уларнинг хусусиятларини тадқиқ этиш имконини беради. Бу эса келажакда метаболомика, биотехнология ва янги авлод дори воситаларини яратиш бўйича тадқиқотларни ривожлантиришга ёрдам беради.
Хўш, бугун дунёда кўплаб янги дорилар яратилаётган бир пайтда, Ўзбекистон флорасида ҳали тиббиётда тўлиқ ўрганилмаган қандай биологик фаол моддалар бор? Олимлар ўсимликдан янги дори яратишда айнан қайси босқичда энг катта муаммога дуч келади — керакли моддани топишдами, унинг таъсирини исботлашдами ёки уни дори даражасига олиб чиқишдами?
Ушбу савол юзасидан ЎзРФА Ўсимлик моддалари кимёси институтининг етакчи илмий ходими — Шерзод Жўрақуловнинг тушунтиришча, институтда доривор ўсимликларни ўрганиш дастлабки босқичданоқ “конвейер” тамойилида йўлга қўйилган. Яъни, кимёшунослар моддани ажратиб, тузилишини аниқлайди, фармакологлар унинг биологик фаоллигини ўрганади, технологлар эса ишлаб чиқариш технологиясини ишлаб чиқади.
“Олимлар таъкидлаганидек, биологик фаол бирикмани тайёр дори препаратига айлантириш катта вақт, меҳнат ва маблағ талаб қилади. Айниқса, янги препаратни бозорга олиб чиқишда зарур фармакотоксикологик тадқиқотлар ва ҳужжатлаштириш жараёни ишлаб чиқарувчилар учун жиддий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда”, дейди биз билан суҳбатда, яна у.
Уч кунлик конференцияда шунингдек, ялпи мажлислар ва етакчи олимларнинг маърузалари тингланади.
8 октябрда илмий муҳокамалар давом эттирилиб, ёш олимлар, докторантлар ва тадқиқотчилар ўз ишланмаларини постер сессиясида тақдим этади. 9 октябрда эса асосий илмий шўбалар доирасида параллел мажлислар ўтказилади. Шунингдек, халқаро қўшма лойиҳаларнинг кейинги йўналишларини белгилашга қаратилган давра суҳбати режалаштирилмоқда.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, 70 йил аввал асосий вазифа ўсимликлар таркибидаги сирли моддаларни топиш бўлган бўлса, бугунги мақсад анча кенгайган. Яъни, институт имкониятлари бугун аниқланган молекулани тиббиёт учун зарур маҳсулотга айлантиришгача етиб келди. Тошкентдаги халқаро конференция эса ана шу икки нуқта — илм ва тиббиёт ўртасидаги кўприк қанчалик мустаҳкамланаётганини кўрсатмоқда.
Моҳичеҳра Эшмирзаева, Аслиддин Алижонов, ЎзА