Тошкент миграция форуми халқаро миқёсда муҳим аҳамият касб этмоқда
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ҳамда Миграция буйича халкаро ташкилот (IOM) ҳамкорлигида “Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш” мавзусидаги биринчи Тошкент халқаро миграция форуми бўлиб ўтмоқда.
Бугунги глобаллашув жараёнида миграция масаласи дунё давлатлари олдидаги муҳим мавзулардан бирига айланди. Айниқса, меҳнат миграцияси, мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, хавфсиз ва қонуний миграция тизимини ривожлантириш масалалари халқаро ҳамкорликни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Тошкент халқаро миграция форуми халқаро миқёсда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Асосий мақсади Марказий Осиё ва бошқа давлатлар билан миграция соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хавфсиз, тартибли ва мунтазам миграцияни таъминлашдан иборат мазкур форум хавфсиз, тартибли ва қонуний миграцияни ривожлантириш мақсадида дунёнинг 40 дан ортиқ давлати вакиллари – 600 га яқин иштирокчини бир майдонга жамлади.
Тадбир очилишида Миграция бўйича халқаро ташкилот бош директори Эми Поупнинг форум иштирокчиларига видеомурожаати намойиш этилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев мамлакатимизда профессионал таълим, тил ўқитиш, касбга тайёрлаш ва тартибли меҳнат миграцияси тизимини ривожлантириш, фуқароларимиз дунёнинг қаерида бўлмасин, меҳнати, билими ва масъулияти билан қадр топишини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
[gallery-29478]
Халқаро миграция ташкилоти 2026 йилги ҳисоботига кўра, бугунги кунда дунё бўйича 304 миллионга яқин халқаро мигрант мавжуд. Шундан 168 миллиони меҳнат мигрантлари. Улар жаҳон меҳнат бозори ва иқтисодий ўсишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Мигрантлар оилаларига қарийб 905 миллиард доллар миқдорида пул ўтказмалари йўналтирилган.
Форум доирасида ҳукуматлар, БМТ тузилмалари, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти вакиллари томонидан қонуний миграция йўлларини кенгайтириш, жараённи тартибли ташкил қилиш тамойилини илгари суриш, мигрантлар ҳуқуқини таъминлаш, шунингдек айни йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга иқлим ўзгаришининг аҳоли мобиллигига таъсири каби янги глобал чақириқларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, 38 миллиондан зиёд аҳолига эга, Марказий Осиёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган Ўзбекистон минтақада энг ёш демографик таркибга эга. Бугунги кунда пул ўтказмалари мамлакат иқтисодиёти тараққиётининг муҳим омилларидан бирига айланган. Айни пайт 1 миллион 200 фуқаромиз хорижда расмий меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.
Умуман, Ўзбекистон БМТ томонидан Миграция бўйича глобал битим (ГCМ) мақсадига мувофиқ миграцияни бошқариш соҳасидаги ислоҳотни фаол илгари сураётган, илғор тажриба намойиш этаётган мамлакат сифатида эътироф этилмоқда.
Форумда иштирок этаётган халқаро экспертлар ҳам мамлакатимизда миграция соҳасида амалга оширилган ижобий ишларни юқори баҳолади.
– Инсоннинг ҳаракатчанлиги бутун дунё бўйлаб иқтисодиёт ва жамиятни шакллантиради. Шундай бир вазиятда ушбу анжуман миграция салоҳиятини имкон даражасида намоён қилиш, жараённи мигрантлар ҳамда жамиятларга фойда келтирадиган тарзда қандай бошқариш мумкинлигини аниқлаш имконини беради, – дейди Миграция буйича халкаро ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Артур Эркен. – Форум 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида минтақа янада ҳамжиҳат ҳаракат қилиши ҳамда қулай бошқариладиган миграция афзаллигидан самаралироқ фойдаланиши учун замин яратади.
Икки кун давом этадиган форум доирасида халқаро иш берувчилар ва Миграция агентлиги ўртасида меҳнат мобиллигининг барқарор, шаффоф ва ўзаро манфаатли тизимини ривожлантиришга қаратилган 20 га яқин янги шартнома имзоланиши кутиляпти.
Дарвоқе, бугун Тошкент шаҳрида хорижда ишлаш нияти бўлган ўзбекистонликларни замонавий касб ва хорижий тилларга ўқитишга ихтисослашган “Интил” халқаро тил ва касбга ўқитиш маркази очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Умуман, Тошкент халқаро миграция форуми соҳада илғор тажриба алмашиш, долзарб муаммоларга ечим топиш ва инсон манфаати устувор янги ёндашувларни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга йирик анжуман сифатида намоён бўлмоқда.
Гўзал Сатторова, Фарход Абдурасулов (сурат), ЎзА