Тошкент метрополитени 44 ёшга тўлди
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Тошкент метрополитени бундан 44 йил илгари, яъни 1977 йил илк бор фойдаланишга топширилган бўлиб, 7 ноябрь санасидан эътиборан метро поездлари қатъий жадвал бўйича ҳаракатланишни бошлаган.
Тошкент метрополитени – бу қудратли транспорт тизими бўлиб, унинг асосини юқори малакали профессионал мутахассислар ташкил этади. Ўтган қириқ тўрт йил давомида Тошкент метрополитени пойтахтимизга муносиб бўлган энг тез, хавфсиз ва қулай шаҳар транспорти сифатида ўз нуфузини йўқотмаган ҳолда ривожланишда давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан 2020 йилда метрополитеннинг 14 янги бекатлари ва 20 километрдан ортиқ йўллари фойдаланишга топширилди. Ҳозирги кунда метрополитен йўлининг узунлиги 59,05 километр, бекатлар сони 43 тага етди.
2022 йилда узунлиги 11 километр бўлган яна 7 та бекатнинг ишга туширилиши режалаштирилган.
ЎзА