Тошкент метро қурилишида янги давр
Тошкентда йўловчилар ташиш транспортининг янги – ер усти айланма метро йўналиши барпо этилмоқда. Мазкур ер усти метросининг умумий узунлиги 52,1 километрни ташкил этади.
Янгиланаётган Ўзбекистон
II-қисм
Тошкентда йўловчилар ташиш транспортининг янги – ер усти айланма метро йўналиши барпо этилмоқда. Мазкур ер усти метросининг умумий узунлиги 52,1 километрни ташкил этади.
Ушбу йўналиш бўйича поездлар соатига 60 километр тезликда юради. Маълум маънода шаҳар атрофи бўйлаб, айниқса, хорижлик сайёҳлар учун сафар, экскурсия қилиш вазифасини ҳам бажарадиган ҳалқа бўйлаб йўлни босиб ўтишга 1 соат-у 10 дақиқа вақт кетади.
Янги метро Яшнобод, Учтепа, Олмазор, Юнусобод, Чилонзор ва Сирғали туманлари ҳудудларидан ўтади. Президентимиз муҳим бўлган бу транспорт иншооти – доира шаклида пойтахт атрофидан ер устидан ўтадиган айланма метро йўналиши қурилишини тезлаштириш ва уни муддатидан бир йил илгари ишга туширишни топширган эди. Ер усти метроси ишга тушгач, Тошкент шаҳри айланма линиясида ҳаракат қиладиган метро кунига 40 минг йўловчини манзилига элтиб қўяди.
Ер усти метросининг барча 5 навбати фойдаланишга топширилгач эса ер устидан пойтахтни томоша қилиб ўтадиган метро кунига 1 миллионга қадар йўловчига хизмат кўрсатади. Яна бир қулайлиги шундаки, йўловчи бугунги ер ости метросининг истаган кассасидан битта жетон сотиб олиб, янги айланма йўлдан пойтахтнинг метро борган истаган ҳудудига бемалол етиб бора олади. Бугун Тошкент метрополитенининг умумий узунлиги 36 километр. Метро қурувчилар ер ости темир йўлларини яна 10 километрга узайтиришга киришдилар.
Режалар катта. 2025 йилга бориб Тошкент метрополитени яна 4 баробар катталашади ва пойтахт ер ости темир йўлларининг умумий узунлиги 157 километрни ташкил қилади. Шарқ меъморчилиги услубида қурилган 14 та янги ер ости саройи қад кўтаради, улардан бир метро линиясидан бошқасига ўтиш имконияти пайдо бўлади. Тошкент метроси босқичма-босқич 10 навбатга бўлиб барпо этилмоқда. Метро янги йўналишларидан ҳар бирининг узунлиги 20 километрга қадар бўлади.
Ер ости темир йўлининг яна биттаси – “Дўстлик” метро станциясидан бошланиб, янги барпо этилаётган “Тошкентнинг Шарқ дарвозаси” аэропорти орқали ўтиб, Янги шаҳаргача бўлган 11,6 километрлик линиядир. Кейингиси эса “Буюк ипак йўли” метро станциясидан "Трактор заводи"га қадар 8,3 километрдан иборат йўналиш қурилиши режалаштирилмоқда.
Энг узун ер ости йўналиши “Беруний” метро станциясидан бошланиб, Қорақамиш турар жой массивидан ўтади. Унинг узунлиги 17,6 километр. Қурилиши бир неча ўн йил тўхтаб қолган Тошкент метроси 15 та станциясининг янги саройлари бир-икки йилда фойдаланишга топширилади, деб ким ҳам тасаввур қилган эди?! Янги метро станцияларининг иккитаси Юнусобод тумани ҳудудида ишга туширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатлар таҳлил қилиб кўрилганда, аризаларнинг аксарияти уй-жой ва транспорт муаммолари ҳақида эканлиги маълум бўлди.
Сергелида метронинг ер усти йўналиши қад кўтармоқда. Ер остидан ўтадиган анъанавий метро линиясининг Юнусободдаги қурилиши давом этаяпти, шунингдек, пойтахт атрофидаги ер усти айланма метро йўналиши қурилиши ҳам жадал суръатлар билан бормоқда.
Метронинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган линиялари қурилиши беш навбатга тақсимлаб режалаштирилган. У 20 дан ортиқ ер ости ва ер усти саройи – метро станцияларидан иборат бўлади. “Дўстлик” ва “Олмазор” станцияларидан бошланадиган метронинг дастлабки икки навбатини шу йил ишга тушириш режалаштирилган. Ер ости темир йўлининг “Олмазор” станцияси билан “Беруний” станцияларини боғлайдиган қисми эса учинчи навбатда фойдаланишга топширилади. Кейин “Беруний” билан “Бодомзор” метро станциялари ўзаро боғланади.
Метро қурилиши “Дўстлик” станциясининг қурилиш-монтаж ва безаш ишлари билан якунланиб, станция ер ости темир йўллари билан боғланади.
Маълумки, илгари Тошкентда қурилиши режалаштирилган тезюрар электрлаштирилган айланма темир йўл ер усти метроси билан алмаштирилди. Янги линиянинг 50,5 километри ердан 6 метр баландликда, 1,6 километри ер устидан ўтади. Лойиҳа бўйича айланма йўл 2021 йилда битиши керак эди.
Давлатимиз раҳбари метро лойиҳачилари ва қурувчилари олдига бу йўлни муддатидан бир йил олдин, 2020 йилда ишга тушириш вазифасини қўйди. Ер усти метро йўналиши бўйича 32 эстакада, 2 та ер усти станцияси қад кўтаради. Шунингдек, учта вагон депоси, ўнлаб электр подстанциялари қурилади.
Қурилиш-монтаж ишларида 8 минг ишчи меҳнат қилмоқда. Шу кунларда ер усти айланма метро йўлининг “Роҳат” кўли ёнидан ўтадиган “Дўстлик” – “Қўйлиқ” йўналишидаги 11 километрлик эстакада йўли қурилиши жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, метро қурилишида янги йўналишлар тушадиган йўлларнинг 90 фоизи қурилиш даврида ҳам автомобиль ҳаракати учун очиқ бўлди. Бу ишларнинг барчаси шаҳар аҳолиси учун қулайлик яратиш ва пойтахт йўлларида транспорт тўхтаб қолиш ҳолларининг олдини олиш имконини берди.
Шундай қилиб, 2020-2025 йилларда Тошкент метрополитенининг янги, қўшимча ер ости саройлари, темир йўллар, йўналишлар, депо, электр подстанциялари ишга тушади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри сайловчилари вакиллари билан учрашувда ҳам пойтахтимиздаги уй-жой муаммосига алоҳида эътибор қаратган эди. Учрашувда мутлақо янги дастур қабул қилингани, унга биноан мавзелар барча ижтимоий объектлар билан таъминланиши, муҳандислик тармоқларига уланиши, уйлар атрофи ободонлаштирилишини таъкидлаган эди.
Сайтимизни кузатиб боринг.
(давоми бор)