Тошкeнт мегаполиси муаммоларига ечим борми? (+видео)
Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида нафақат аҳоли, балки транспорт воситалари сони ҳам кескин кўпайгани кузатилмоқда.
Дунёдаги энг тез ривожланаётган давлатлардан бири бўлган Ўзбекистон пойтахти йирик мегаполисга айланиши эса табиий ҳол, албатта.
Мегаполис эса аҳоли, сайёҳлар учун муаммолар майдони эмас, балки қулайликлар маскани бўлиши керак. Аммо, Тошкент шаҳри кейинги йилларда тирбандликлар, носоз йўллар билан боғлиқ муаммолар гирдобига тушиб қолгани сир эмас.
Хўш, бу муаммоларнинг ечими борми? Тошкент шаҳар ҳокимлигида ташкил этилган матбуот анжуманида шу саволга жавоб изланди. Журналистлар ҳокимликда ташкил этилган Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази фаолияти билан танишди.
– Тошкент тез суръатларда ривожланмоқда, автомобиллар сони кўпаймоқда, йўлларга тушаётган юклама ошмоқда, – деди Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев. – Тирбандликлар, хавфсизлик масалаларини эса тизимли равишда ечиш зарур. Шу мақсадда мазкур марказ очилди. Марказнинг асосий фаолияти – транспорт оқимларини аниқлаш, таҳлил қилиш, ҳаракатни ташкил этиш схемаларини такомиллаштириш. Оддий сўз билан айтганда, чорраҳаларни қайта кўриб чиқиш, ушбу чорраҳаларда ва йўлларнинг ўзида йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ҳамда транспортни бошқаришда замонавий ечимларга устуворлик бериш. Бир сўз билан айтганда, бу “ақл маркази” бўлади.
Ҳақиқатан, янги марказни бемалол “ақл маркази” деб аташ мумкин. Катта экранларда бутун пойтахт кўчаларидаги транспорт ҳаракатини бемалол кузатиш мумкин. Кузатув асносида эса, қайси йўлда қандай носозлик борлиги, қаерда тирбандлик бўлаётгани ёки ҳаракатга тўсиқ бўлаётган омиллар қаерларда мавжудлиги яққол кўзга ташланади.
[gallery-28105]
Энг муҳими, янги тизим доирасида светофорлар транспорт оқимининг интенсивлигига қараб автоматик равишда мослашади. Махсус камералар ва датчиклар чорраҳадаги транспорт оқимини кузатиб боради ва зарур йўналишларда “яшил чироқ” вақтини узайтиради.
Жамоат транспортига устуворлик бериш механизми ҳам жорий этилмоқда. GPS - мониторинг орқали светофорлар яқинлашаётган автобусни аниқлайди ва унга устувор ҳаракат имконини беради. Натижада автобуслар бекатларга тезроқ етиб боради ва йўловчиларнинг кутиш вақти қисқаради.
Йўл-транспорт ҳодисалари бўйича маълумотлар ҳам рақамлаштирилиб, ягона харитага жойлаштирилган. Бу муҳандисларга тирбандликлар ва хавфли ҳудудларни олдиндан аниқлаш ҳамда ҳаракат схемасини такомиллаштириш имконини беради.
Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
«Poytaxt parking» томонидан тор йўллар чети ҳам парковка учун чизилаётгани, бу ноқулайлик туғдираётгани, ҳатто шифохоналар олдида ҳам бу амалиёт жорий этилаётгани қанчалик тўғри?
Қон қуйиш маркази шифохонаси атрофида ҳам бу юз бергани қанчалик адолатли? Ахир бу ерга ҳаёт учун курашаётганлар келади ва улардан ҳам фойда кўриш адолатданми?
Идора ва ташкилотлар олдигача пулли парковкалар бўлиши кун бўйи ишлаётган ходимларни қийин аҳволга солиб қўймайдими? Наҳотки, бу масалаларга оптимал ечим топиш шунчалик қийин бўлса?”
Мазкур саволларга қуйидагича жавоб берилди:
– «Poytaxt parking» бўйича ҳозир чуқур ўрганиш олиб борилмоқда, – деди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев. – Айнан шу шифохонанинг тўғрисидаги парковкалар бўйича ижобий ечим топишга ҳаракат қилинмоқда. Умуман, парковкалар бўйича сиёсат фақат Тошкент шаҳрида эмас, бутун дунёда мавжуд. Бундан мақсад одамларни жамоат транспортига кенг жалб қилиш. Қўпол бўлиши мумкин, лекин, шахсий автомобилда юришни қимматроқ қилишимиз керак. Чунки, бизда шахсий автомобилда юриш нархи жуда паст. Бу ҳатто таксида ҳам сезилишини хорижлик сайёҳлар айтган. Аксинча бўлса, бу нимага олиб боради? Албатта, тирбандликка олиб боради. Бу машиналар сонининг шаҳарда кўпайишига олиб боради. Лекин биз парковканинг нархини ошириш ёки шу тизимни юритиш тарафдори эмасмиз. Параллель равишда шу жамоат транспортини ривожлантириш тўғрисида стратегиямиз бор. Кундан - кунга бизда жамоат транспортидаги одамлар сони ҳам кўпаймоқда. Қулайликлар ҳам яратилмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, тизимнинг узлуксиз ишлаши учун бир неча даражадаги ҳимоя механизмлари жорий этилган. Алоқа узилиб қолган тақдирда светофорлар автоном режимда ишлашни давом эттиради. Серверлар ва алоқа каналлари захира тизимлар билан таъминланган, зарурат бўлганда мутахассислар жараёнга масофадан туриб аралашиши мумкин.
Марказ томонидан жорий этилаётган интеллектуал транспорт тизими пойтахт йўл тармоғининг “рақамли эгизаги”ни яратишга хизмат қилади. Бу нафақат тирбандликларни камайтириш, балки йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ошириш, транспорт оқимини мувозанатли бошқариш ва фуқароларнинг йўлда сарфлайдиган вақтини қисқартиришга имкон беради.
Ҳозирги кунда тизимга 125 муҳим чорраҳа уланган. 2026 йилда 545 объектни тизимга улаш режалаштирилган. Умуман олганда, Тошкент шаҳрида қарийб мингта светофорли чорраҳа мавжуд.
Тизимни бошқариш ва таҳлил қилиш жараёнларида 30 дан ортиқ транспорт муҳандислари, IT-таҳлилчилар ҳамда халқаро экспертлардан иборат жамоа фаолият олиб бормоқда.
Бир сўз билан айтганда, мазкур лойиҳа Тошкент шаҳрида замонавий, самарали ва барқарор транспорт тизимини шакллантириш йўлида муҳим қадамдир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/lDCa4OOduAk" title="Toshkent megapolisi muammolariga yechim bormi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова,
Сарвар Ўрмонов (сурат),
Дониёр Ёқубов (видео),
Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА