Тошкент Марказий Осиёнинг янги туризм марказига айланмоқда
Тошкент сўнгги йилларда нафақат Ўзбекистоннинг сиёсий ва иқтисодий маркази, балки замонавий туризм йўналиши сифатида ҳам жадал ривожланмоқда.
Пойтахтда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, янги меҳмонхоналар, гастрономик масканлар ва сайёҳлар учун яратилаётган қулай инфратузилма шаҳарнинг халқаро туризм харитасидаги нуфузини тобора оширмоқда.
2026 йилнинг дастлабки олти ойида Тошкент 7,3 миллиондан ортиқ сайёҳни қабул қилди. Шундан 3,2 миллион нафари хорижий, 4,1 миллион нафари эса маҳаллий сайёҳлардир. Ушбу кўрсаткичлар пойтахтга бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бораётганини яққол намоён этмоқда. Туризм хизматлари экспортининг 1,3 миллиард АҚШ долларига етгани эса соҳанинг шаҳар иқтисодиётидаги стратегик аҳамиятини янада мустаҳкамлади.
Сайёҳлар оқимининг кўпайиши туризм инфратузилмасининг кенгайишига ҳам туртки бўлди. Жорий йилнинг олти ойида Тошкентда 140 та янги жойлаштириш воситаси ишга туширилди. Улар орасида замонавий меҳмонхоналар, хостеллар, оилавий меҳмон уйлари ҳамда бошқа турдаги жойлаштириш масканлари мавжуд. Бундан ташқари, 203 та янги туристик корхона ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 2 673 тага етди. Бу эса сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар сифати ва танлов имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирмоқда.
Туризмни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида гастрономик ва сайёҳлик кўчалари ташкил этилмоқда. Бугунги кунда Тошкентда умумий узунлиги 27,2 километрни ташкил этувчи 26 та туризм ва гастрономик кўча фаолият юритмоқда. Мазкур ҳудудларда мингдан ортиқ савдо ва сервис объектлари хизмат кўрсатмоқда. Юзлаб тадбиркорлик субъектлари туну кун фаолият юритиш тизимига ўтган бўлса, ўнлаб хорижий брендларнинг кириб келиши пойтахтнинг халқаро жозибадорлигини янада оширмоқда.
Ушбу лойиҳалар иқтисодий самарадорлик нуқтаи назаридан ҳам муҳим натижаларни бермоқда. Янги туризм ҳудудларида 4,9 мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратилди, солиқ тушумлари эса уч баробарга ошди. Бу эса туризм нафақат хизматлар соҳаси, балки аҳоли бандлигини таъминловчи ва иқтисодий ўсишни рағбатлантирувчи муҳим тармоққа айланаётганини кўрсатади.
Тошкентдаги бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда. Ҳозирда яна 18 та янги савдо, туризм ва гастрономик кўча ҳамда учта замонавий соҳилбўйи сайилгоҳи барпо этилмоқда. Мазкур лойиҳалар якунлангач, пойтахт сайёҳлар учун янада қулай, замонавий ва жозибадор масканга айланиши кутилмоқда.
Ички туризмни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" дастури доирасида жорий йилнинг олти ойида 1,1 миллион нафардан ортиқ Тошкент шаҳри аҳолиси мамлакатнинг турли ҳудудларига саёҳат ва экскурсияларда иштирок этди. Бу эса фуқароларда ички туризм маданиятини ривожлантириш ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб этишга хизмат қилаётир.
Бугунги Тошкент тарих ва замонавийлик уйғунлашган, меҳмондўстлик, қулай инфратузилма ва юқори хизмат сифати билан ажралиб турадиган шаҳар сифатида шаклланмоқда. Эришилаётган натижалар пойтахтнинг нафақат Ўзбекистоннинг етакчи туризм маркази, балки Марказий Осиёдаги энг жадал ривожланаётган ва сайёҳлар учун энг жозибадор мегаполислардан бири сифатидаги мавқеини тобора мустаҳкамлаб бораётганини тасдиқлайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА