Тошкент иссиқлик тизимида Digital Twin технологияси жорий этилди
Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, Тошкент иссиқлик марказида замонавий рақамли бошқарув маркази фаолияти йўлга қўйилди. Янги тизим иссиқлик ишлаб чиқариш жараёнларини онлайн кузатиш ва ускуналар ҳолатини назорат қилиш имконини бермоқда.
Марказда “Рақамли эгизак” (Digital Twin) технологияси жорий этилган. Унинг ёрдамида иссиқлик қозонлари, ёндиргичлар ва бошқа технологик ускуналарнинг ишлаш кўрсаткичлари реал вақт режимида таҳлил қилинади. Шунингдек, техник носозликлар, қозонларнинг ички ҳолати ҳамда захира сув бакларидаги сув миқдорини ягона платформа орқали кузатиш мумкин.
Ҳозирда ушбу рақамли бошқарув маркази орқали Тошкент шаҳридаги 9 та иссиқлик марказининг технологик ускуналари мониторинг қилиб борилмоқда.
Келгусида тизим имкониятларини кенгайтириш, хусусан, унга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш режалаштирилган. Бу эҳтимолий носозликларни олдиндан аниқлаш ва улар ҳақида масъул ходимларни автоматик равишда огоҳлантириш имконини беради.
Мазкур янгилик иссиқлик таъминоти тизимининг ишончлилигини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва технологик жараёнларни такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА