«Тошкент ИЭС» АЖ жамоаси танлов ғолиби
«Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти томонидан «Конституция ва қонун устуворлиги – фаровон ҳаёт гарови» мавзуида ҳуқуқий викторина танлови ўтказилди.
Бош қомусимиз мазмуни, ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида ёшларга атрофлича маълумот бериш ва уларнинг бу борадаги билимини ошириш мақсадида ўтказилган танловда жамият таркибидаги корхоналарда фаолият юритаётган ходимлар орасидан шакллантирилган жамоалар қатнашди.
Аҳамиятлиси, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги ҳамда 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан ташкил этилган мазкур викторина танловида барча иштирокчилар пухта тайёргарлик кўрган ҳолда фаол қатнашди.
- Ёшлар ўртасида бу каби тадбирларнинг ўтказилиши уларнинг билим ва салоҳиятини оширишга қаратилган. Викторина танловлари Бош қомусимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ёшлар онгига сингдириш, уларнинг қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини шакллантиришга хизмат қилади, - «Иссиқлик электр станциялари» АЖ бўлим бошлиғи М.Носиров.
Мазкур танловда фаол иштирок этган ходимларни тантанали тақдирлаш маросими ўзига хос ва қизиқарли тарзда ташкил этилди.
Танлов натижаларига кўра, «Тошкент ИЭС» АЖ жамоаси биринчи ўринга, «Иссиқлик электр станциялари» марказий аппарати жамоаси иккинчи ўринга, «Навоий ИЭС» АЖ жамоаси учинчи ўринга лойиқ, деб топилди.
Тадбир якунида ғолиблар мукофот ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА