Маълумки, баҳорнинг илк кунларида нишонланадиган 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан қўшимча дам олиш кунлари белгиланган. Шундай паллада фарзандларини олиб, Тошкент ҳайвонот боғи ёки Ботаника боғини зиёрат қилишга нима етсин. Аввало, бундай ташрифлар болажонларнинг она табиатимизга, флора ва фаунамизга бўлган меҳрини оширади. Шу билан бирга уларнинг атрофимиздаги олам ҳақидаги тасаввурларини янада бойитишга хизмат қилади. Зотан бу ерда 345 турдаги 10 мингдан зиёд жонворлар сақланади. Шу кунларда боғ коллекцияси бошқа давлатлардан келтирилган ҳайвонларнинг янги турлари билан янада бойитилибди.
- Келган меҳмонларимиз жониворларни яқинидан кўриб, уларни кузатиб маданий хордиқ чиқаришади. Энди барибир жонли кўриш бошқачада, - дейди Тошкент ҳайвонот боғи мутахассиси Мунаввар Таниқулова. – Республикамиз вилоятларидан ҳаттоки чет эллардан меҳмонлар келишади. Охирги пайтларда жирафа, зебраларга қизиқиш катта эди. Бу йилни ҳисобидан эса кичкина, ўйинчоққа ўхшайдиган маймунчаларни олиб келдик. Африка сиртлони, шер ва бошқа бир неча турдаги ҳайвонлар келтирилди.
Яна бир янгилик. Яқин кунларда маймунлар учун очиқ ҳавода қўшимча жой тайёрланаётган экан. Эндиликда ташриф буюрувчилар уларнинг кенг майдондаги эркин ҳаракатларини кузатиб ҳам завқ олишлари мумкин бўлади. Бундан ташқари пакана маймун, қорамтир рангли шер, Африка сиртлони ва ҳайвонот оламининг бошқа бир қатор ноёб турлари келтирилибдики бу ҳам бўлса боғга келганларнинг жаҳонда кам учрайдиган ҳайвонот оламининг ноёб турлари ҳақидаги тасаввурларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6Vx2Hs6jJ7Y" title="Toshkent hayvonot bog‘ida nima yangiliklar?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА